Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги "Ўзэнергоинспекция" томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда электр ва газ таъминоти корхоналари иштирокида 2025 йил июнь ойида ўтказилган назорат тадбирлари давомида истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 234 та ҳолат аниқланди.
Текширув натижасида 50,6 миллион киловатт-соат электр энергияси (ҳисобий қиймати 103 миллиард сўм) ва 12,4 миллион метр куб табиий газ (ҳисобий қиймати 32,6 миллиард сўм) ноқонуний равишда истеъмол қилингани маълум бўлиб, бу орқали давлат тизимига жами 135 миллиард 669 миллион сўм миқдорида зарар етказилган.
Шунингдек, энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 471 та маъмурий иш расмийлаштирилди.
Инспекция ахборот хизматига кўра, қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан амалдаги қонунчиликка мувофиқ белгиланган тартибда чоралар кўрилди ва тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга юборилди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА