“Ўзэкспомарказ”: иқтисодиётнинг устувор йўналишлари ютуқлари тақдим этилмоқда
Иқтисодиётнинг устувор тармоқларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, инновацион ёндашувлар ва саноатни модернизация қилиш жараёнлари бугунги кунда мамлакат тараққиётининг асосий омилига айланмоқда. Ана шу жараёнларни янада жадаллаштириш, илғор технологияларни кенг жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда соҳавий кўргазмалар муҳим аҳамиятга эга.
Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида иқтисодиётнинг бир қатор стратегик тармоқларини қамраб олган йирик халқаро саноат кўргазмалари ўз ишини бошлади.
“International Expo Group” кўргазмалар компанияси томонидан ташкил этилган мазкур тадбир металлургия, йўл-қурилиши, тоғ-кон саноати, хавфсизлик ҳамда кимё соҳаларидаги энг сўнгги ютуқ ва ишланмаларни намойиш этиш билан бирга, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун кенг имконият яратмоқда.
Жумладан, “UzMetalMashExpo - 2026” халқаро кўргазмасида металлга ишлов беришнинг замонавий технологиялари, юқори аниқликдаги ўлчов ускуналари, станоксозлик ва пайвандлаш учун зарур бутловчи қисмлар ҳамда хизматлар тақдим этилмоқда. Шунингдек, индукцион эритиш ва қиздириш тизимлари, турли хил подшипниклар ва саноат компонентлари ҳам иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинган.
[gallery-28601]
“UzTechTransExpo - 2026” кўргазмасида эса махсус техника, йўл-қурилиш ва транспорт соҳаларига оид замонавий ечимлар намойиш этилмоқда. Унда янги авлод йўл-транспорт воситалари, саноат тарозилари, асфальт-бетон ишлаб чиқариш ускуналари каби муҳим техник воситалар билан яқиндан танишиш имконияти яратилган.
“UzMiningExpo - 2026” халқаро кўргазмаси тоғ-кон саноатидаги илғор технологиялар ва ускуналарни жамлаган муҳим платформа сифатида намоён бўлмоқда. Унда маҳаллий ва хорижий компаниялар томонидан тақдим этилаётган комплекс ечимлар, инновацион ишланмалар ва замонавий техника воситалари соҳанинг янада ривожланишига хизмат қилади.
“UzSecureExpo - 2026” кўргазмасида эса хавфсизликни таъминлашга қаратилган замонавий технологиялар марказий ўринни эгаллаган. Ёнғинга қарши ҳимоя, ахборот хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси йўналишларидаги илғор ечимлар бу ерда кенг намойиш этилмоқда.
Шу билан бирга, “UzChemPlastExpo -2026” халқаро кўргазмаси кимё ва пластмасса саноатидаги маҳсулотлар ҳамда технологияларни бир жойга жамлаган. Унда маиший кимё маҳсулотлари, лак-бўёқ материаллари, кукунли қопламалар ва бошқа турдаги саноат маҳсулотлари тақдим этилмоқда.
Қайд этиш жоиз, мазкур халқаро кўргазмалар 9 апрелга қадар давом этади ва улар соҳалар ўртасида тажриба алмашиш, янги инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш имкониятини яратади.
Насиба Зиёдуллаева, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА