Қонун ва ижро
Маълумки, 2024 йилнинг 5 август куни давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун имзоланган эди.
Ушбу қонун ўтган йилнинг 8 ноябридан кучга кирди. Шунингдек, 2024-2025-йилларда хатлов қилинадиган маҳаллалар режа-жадвали тасдиқланди.
Ушбу қонунга асосан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва биноларга кадастр ҳужжатлари берила бошланди. Фуқаролар ўз ер ва уйларига эгалик ҳуқуқини олмоқда. Бугунги кунда 4000 дан ортиқ кадастр ходимлари томонидан мамлакатимиз бўйлаб хатловлар амалга оширилмоқда ва ҳужжатлар тайёрланмоқда.
Кадастр агентлиги бўлим бошлиғи Баҳодир Мадияров билан суҳбатимиз шулар хусусида бўлди.
– Ушбу қонунга асосан қандай тоифадаги мулкларга мулк ҳуқуқи эътироф этилади?
–Мазкур қонунга асосан 2018 йил 1 май кунига (2018 йилдаги “бир марталик акция”га) қадар фуқаролар якка тартибдаги уй-жой қурган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга, 2018 йил 1 май кунига қадар фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ҳужжатда кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга нисабатан ҳуқуқлар эътироф этилади.
Шунингдек, “бир марталик акция” доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга, 2021 йил 8 июнга (ҳокимларнинг ваколати бекор қилингунига) қадар туман (шаҳар) ҳокимлари қарори билан ажратилган, лекин вилоят ҳокими ёки халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланмаган ер участкаларига нисбатан ҳуқуқлар эътироф этилади.
Қолаверса, боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойлар ҳамда улар эгаллаган ер участкасига, кичик саноат зоналари ҳудудига 2020 йил 9 мартга қадар жойлаштирилган тадбиркорларнинг ер участкасига, давлат ордери билан хусусийлаштирилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкасига, ҳоким қарори билан мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкасига мулк ҳуқуқи берилади.
Бунда ижара муддати якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ер участкалари учун тўқсон тўққиз йил, бошқа ер участкалари учун қирқ тўққиз йил этиб белгиланмоқда.
–Кўчмас мулклар қандай шартлар асосида қонунийлаштирилади?
–Бунда ҳуқуқларни эътироф этишнинг асосий шартлари сифатида ер участкаси бошқа шахсга ажратилмагани ёки аукционга чиқарилмагани, ер участкасидан фойдаланишда низо мавжуд эмаслиги, ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги, муҳофаза зонаси, суғориладиган ерда жойлашмагани белгиланган. Шу билан бирга, бош режа талабларига зид эмаслиги, ҳар бир категорияга хос бошқа шартлар белгиланган.
Қонунга асосан, якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ерларга ижара ҳуқуқи қуйидаги ҳажмгача эътироф этилади. Яъни, 1998 йил 1 июлга қадар эгалланган бўлса – 0,24 гектаргача, 1998 йил 1 июлдан 2018 йил 1 май кунига қадар эгалланган бўлса – Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 0,06 гектар, қолган ҳудудларда 0,12 гектардан ошмаган ҳажмда расмийлаштириб берилади. Бу кўрсатилган ҳажмдан ортиқча ерлар, агар низо бўлмаса, деҳқон хўжалиги ёки томорқа хўжалиги юритиш учун расмийлаштириб берилади.
Шунингдек, ер участкалари бошқа маъмурий-ҳудудий бирлик таркибидан Тошкент, Нукус шаҳарлари ёки вилоят марказлари ҳудуди таркибига ўтказилган ҳолларда, ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқи улар аввал жойлашган маъмурий-ҳудудий бирликдаги ижара ҳуқуқини эътироф этиш шартларига мувофиқ амалга оширилади.
–Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларини расмийлаштириш учун қанча тўлов ундирилади?
–Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистон ҳудудида доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан 2018 йил 1 майга қадар якка тартибда уй-жой қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотлардан бир марталик тўлов ундирилади.
Шунингдек, ўзбошимчалик билан қурилган якка тартибдаги уй-жойларга бўлган мулк ҳуқуқини Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ташкил этилган Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман-шаҳар комиссиялари томонидан эътироф этиш мумкин деб топилгани ҳолларига ёки уни эътироф этиш рад этилгани ёхуд аризаларнинг кўриб чиқилиши бир марталик умумдавлат акциясининг муддати ўтгани сабабли якунига етмаганлиги ҳолларида бир марталик тўлов ундирилади.
Қолаверса, фуқароларнинг боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойларига ҳамда улар эгаллаган ер участкасига, хусусийлаштирилган бинолар ва иншоотлар эгаллаган ер участкасига, фуқароларнинг, якка тартибдаги тадбиркорларнинг ва резидент бўлган юридик шахсларнинг қонунчиликка мувофиқ мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолари ва иншоотлари эгаллаган ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқини эътироф этиш учун қуйидаги миқдорларда бир марталик тўлов ундирилади.
Тошкент шаҳрида базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 5 баравари, Нукус шаҳрида ва вилоятлар марказларида 3 баравари миқдорида, вилоятлар бўйсунувидаги бошқа шаҳарларда 2 баравари, бошқа аҳоли пунктларида 1 баравари миқдорида тўлов қилинади. Ҳозирги вақтда БҲМ миқдори 375 минг сўмга тенг.
–Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерлар ва биноларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этишда ногиронлиги бўлганларга, кам таъминланганларга енгилликлар назарда тутилганми?
–Ҳа. Бир марталик тўловни тўлашдан қуйидаги шахслар озод этилади. Хусусан, бир марталик умумдавлат акцияси доирасида бир марталик йиғимни тўлиқ тўлаган шахслар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган шахслардан бир марталик тўлов белгиланган тўловнинг эллик фоизи миқдорида ундирилади.
Агар бир марталик умумдавлат акцияси доирасида Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман-шаҳар комиссиялари томонидан шахснинг ўзбошимчалик билан қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкин деб топиш белгиланган хулосасига асосан далолатнома шакллантирилган, бироқ бир марталик йиғим ундирилмаган ёки тўлиқ ҳажмда ундирилмаган бўлса, у ҳолда бир марталик тўлов ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ ундирилади. Бунда бир марталик умумдавлат акцияси доирасида ундирилган бир марталик йиғим суммаси инобатга олинади.
Шуни ҳам айтиш жоиз, бир марталик умумдавлат акцияси доирасида тўланган бир марталик йиғим ва ушбу қонун доирасида ундириладиган бир марталик тўлов ўртасидаги фарқ қайтарилмайди.
2020 йил 9 мартга қадар кичик саноат зоналари ҳудудига жойлаштирилган тадбиркорлик субъектларининг яшаш учун мўлжалланмаган бинолари ва иншоотлари ёки уларнинг қисмлари жойлашган ер участкасига белгиланган. Якка тартибдаги уй-жой эгаллаган ер участкасининг амалдаги майдони ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ўлчамлардан ошган ҳолларда, ер участкасининг ортиқча эгалланган қисмига бўлган ижара ҳуқуқи, башарти бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаса, деҳқон хўжалигини ёки томорқа хўжалигини юритиш учун ижара ҳуқуқини эътироф этиш учун бир марталик тўлов ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқининг ўртача бозор қиймати миқдорида ундирилади.
Ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқининг ўртача бозор қиймати ер участкаларидан фойдаланиш мақсадларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан 0,01 гектар майдон учун фуқаролар ўзини ўзи бошқаришининг ҳудудий бирликлари бўйича ҳар йили январь ва июль ойларида белгиланади. Унинг расмий веб-сайтида эълон қилинади ҳамда автоматлаштирилган ахборот тизимига тақдим этилади. Бунда тегишли ҳудудда охирги ўн икки ойда ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини сотиш бўйича электрон онлайн-аукционлардаги ўртача нархлар, электрон онлайн-аукцион ўтказилмаган ҳудудлар учун эса тегишли туман-шаҳар ёки юқори турувчи маъмурий-ҳудудий бирликлар бўйича ўртача нархлар ижара муддатига кўра тузатиш киритилган ҳолда асос сифатида қабул қилинади.
Тегишли шахслар томонидан бир марталик тўлов белгиланган муддатларда тўланмаган тақдирда, уларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ҳамда унда қурилган бино ва иншоотга бўлган ҳуқуқларини эътироф этиш тўғрисидаги ишлар тўхтатиб турилади.
Тегишли шахслар томонидан бир марталик тўлов тўланган тақдирда, электрон йиғмажилд, маълумотлар ва ҳужжатлар тайёрланган ижобий хулосалар билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига навбатдаги сессияда кўриб чиқиш учун автоматлаштирилган ахборот тизими орқали автоматик равишда юборилади.
–Қонун кучга кирганига 5 ой бўлди. Шу вақтга қадар нечта фуқарога кадастр ҳужжатлари берилди?
–Шу вақтга қадар қонун асосида 95 нафар фуқаронинг уй-жойга нисбатан ҳуқуқлари эътироф этилди. Эндиликда фуқаролар ўз уй-жойлари ва ер участкалари устидан қонуний ҳуқуқларга эга бўлишди. Бу борада ишлар давом этмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА