UZTELECOM Янги Ўзбекистон сари

Бугун мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. 2017-йилдаёқ пойдевори қўйилган бу олий мақсаднинг самарадорлиги Президентибмиз Мирзиёев Шавкат Миромонович томонидан ҳаётга татбиқ қилинаётган бир қатор қарор ва фармонларда белгиланган вазифалар ижроси билан янада ортиб бормоқда. Ўз тармоғи билан республикани барча ҳудудларини қамраб олган етакчи телекоммуникация оператори сифатида “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясининг ривожланиш босқичлари ҳам мазкур жараёнга ҳамоҳанг тарзда давом этмоқда.
Мамлакатимизнинг шонли тарихида янги саҳифа очилган кундан эътиборан, яъни Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлини белгилаш мақсадида ишлаб чиқилган стратегиялар ва уларда белгиланган чора-тадбирлар Компания фаолиятига ҳам ўзининг ижобий таъсирини ўтказди. Ўтган истиқболли етти йил мобайнида Президентимизнинг илгари сурган ташаббуслари самараси улароқ, “Ўзбектелеком” АК томонидан ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди.
Маълумки, ривожланган жамиятнинг ҳукумат тизими, банк, саноат, тиббиёт, таълим, хавфсизлик соҳалари, шунингдек иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини оламизми, улар фаолиятини ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис бу борадаги дастлабки фаолиятлар Президентимизнинг 2017-йил 7-февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сон ҳамда 2020-йил 5-октябрда имзоланган “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6079-сон Фармони билан янада мустаҳкамлаб берилган вазифалар ижросини таъминлашдан бошланди. Шу мақсадда Компания ўз олдига телекоммуникация тармоқларини модернизация қилиш, алоқа хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, фаолиятга илғор технологияларни жорий этиш ва халқаро стандартларга мос рақамли экотизимни шакллантириш каби тизимли вазифаларни белгилаб олди. Табиийки, бу мақсадлар ўз-ўзидан амалга ошмас эди, шу боис энг аввало, Юртбошимиз томонидан илгари сурилган ғоялар асосида ислоҳотлар режаси ишлаб чиқилди.
Тизим янгиланиши: телекоммуникация соҳасида бурилиш даври
Стратегияда соҳага оид белгиланган асосий вазифалардан бири мамлакатимизда мавжуд телекоммуникация инфратузилмасини модернизациялаш ва бутун республика ҳудудини замонавий оптик толали алоқа линиялари билан қамраб олиш эди. Айтиш жоизки, 2016-йилдан бери компания чуқур трансформация йўлини босиб ўтди. Яъни, бу даврга келиб Ўзбекистон телекоммуникация соҳаси жиддий янгиланишга муҳтож эди. Эскирган технологиялар тармоқларнинг ўтказувчанлик қобилиятини чеклаб, кўплаб ҳудудларда интернет тезлиги ва сифати талабга жавоб бермас эди. Шунга кўра ўтган йиллар давомида юртимизнинг энг олис, ҳатто кириб бориш мураккаб бўлган манзиллари ҳам тармоқ билан қамраб олинди. Мамлакат бўйлаб қарийб 300 000 км оптик толали линийалар ётқизилди. Бунинг натижасида 2023-йил охирига келиб мамлакатимиздаги нафақат йирик таълим ва тиббиёт муассасаларини, балки барча ҳудудлардаги кундалик ижтимоий инфратузилма объектларини кенг полосали интернет билан тўлиқ таъминлашга эришилди.
2018-2020-йиллар компания фаолиятида янги босқич – технологик янгиланишлардан сўнг, рақамли хизмат ва ечимларни кенгайтириш, бошқарув тизимини замонавийлаштириш ва инфратузилмани мустаҳкамлаш даври бўлди. Бу даврда компания асосий уч йўналиш – булутли хизматлар ва дата-марказларни ривожлантириш, интернет тезлиги ва сифатини ошириш билан бирга, нархларни арзонлаштириш, бошқарув тизими ва мижозларга хизмат кўрсатишни яхшилашга эътибор қаратди. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида UZTELECOM оддий алоқа операторидан миллий инфратузилма платформасига, замонавий рақамли хизматлар провайдерига айланди. Яратилган технологик, тариф ва бошқарув базаси – электрон ҳукумат, дата-марказлар, булутли ечимлар, рақамли соғлиқни сақлаш ва билимлар иқтисодиёти учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилди. Бу вақтга келиб интернетдан фойдаланиш кўрсаткичлари кескин ошди, аҳолининг рақамли кўникмалари ўсди, мессенжерлар, видео платформалар, онлайн хизматлар, масофавий таълим ва электрон савдо кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланди.
Пандемия шароитида: алоқа – ҳаётий таъминот сифатида
Кечагидек ёдимизда, 2020-йилда бутун дунёни қамраб олган пандемия ҳаётимизни кескин ўзгартирди. Масофавий таълим йўлга қўйилди, шифохоналар доимий иш режимига ўтказилди, давлат хизматлари эса фуқаролар билан мулоқотнинг масофавий шаклига ўтди. Бундай шароитда алоқа шунчаки қулайлик эмас, ҳаётни таъминлашда муҳим заруратга айланди. Шу боис, компания рақамли инфратузилманинг узлуксиз ишлаши ва аҳолига барқарор алоқа хизматларини таъминлаб бериш учун фавқулодда режим жорий этди. 300 дан ортиқ туну кун фаолият юритувчи мобил бригадалар ташкил қилинди. Улар носозликларни тезда бартараф этиб, ижтимоий муассасаларни улаш орқали локдаун шароитида алоқа узлуксизлигини таъминлади. Бу тиббиёт, таълим ва давлат идоралари иш фаолиятининг тўхтамаслиги учун ҳал қилувчи омил бўлди.
Қисқа муддат ичида минглаб муассасалар замонавий алоқа инфратузилмаси билан таъминланди. Хусусан, мамлакатда карантин эълон қилинган бир пайтда умумий вазиятни ўнглаш учун 1 401 та тиббиёт масканига 3 625 км, 9 471 та таълим муассасасига 2 213 км, шунингдек, талаб этилган бошқа ҳудудлар билан бирга умумий ҳисобда 11 625 км янги оптик толали алоқа линийаси қурилди. Мазкур фаолиятлар нафақат йирик шаҳарлардаги объектларни, балки чекка ҳудудлардаги қишлоқ мактаблари, юқумли касалликлар шифохоналари ва поликлиникаларни ҳам қамраб олди. Илгари алоқа мавжуд бўлмаган ёки сифати паст бўлган ҳудудларда ҳам барқарор алоқа яратилди. Бундан ташқари, компания пандемия даврида ижтимоий инфратузилмани қўллаб-қувватлашга жами 5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Бу алоқа хизматларини яхшилаш ва муассасалар инфратузилмасининг янги шароитларга тайёрлигини таъминлашга ёрдам берди. Энг муҳими, карантин ва изоляция шароитида аҳолининг долзарб ва ишончли маълумотларга тезкор киришини таъминлаш мақсадида компания томонидан 6 мингдан ортиқ интернет-ресурсларга бепул кириш имконияти яратилди. Пандемия даврида www.UZTELECOM.uz сайти аҳолининг асосий ахборот манбаларидан бирига айланди. Пандемия бутун мамлакат инфратузилмаси учун жиддий синов бўлди. Тезкор йўлга қўйилган зарурий чора-тадбирлар натижасида компания ушбу мураккаб даврда ишончли ва узлуксиз алоқа, инфратузилма, техник ёрдам ҳамда замонавий ечимлар орқали мамлакатнинг рақамли салоҳияти барқарорлигини таъминлашга муваффақ бўлди.
Рақамли ҳаётнинг янги босқичи: имкониятлар тенглашуви, замонавий қулайлик ва юқори технологик даража
Рақамли Ўзбекистоннинг пойдевори айни шундай яратилди. Бунинг учун мамлакатимиз аҳолисининг алоқа хизматларидан фойдаланиши телекоммуникация нуқтаи назаридан “кўринмас” бўлган чекка ҳудудларда ҳам юқори тезликдаги интернетга уланиш имконияти яратилди. Ўтган йиллар давомида инфратузилма жадал ривожлантирилди, таянч база станциялар сони саккиз баробарга оширилди, мобил тармоқ мамлакат ҳудудининг 96 фоизини қамраб олди. Республика бўйича барча вилоят марказларида МДҲ орасида биринчи бўлиб 5G тизими ишга туширилди. Бошқача айтганда, рекорд даражадаги қисқа вақт ичида биз кўлами бўйича дунёнинг етакчи мамлакатлари инфратузилмасидаги ютуқлардан қолишмайдиган лойиҳаларни амалга оширишга муваффақ бўлдик.
Сўнгги саккиз йилда амалга оширилган ўзгаришлар одамлар учун ҳам сезиларли бўлди. Энг аввало, интернетнинг оммавий ва арзон бўлиб қолгани. Мисол учун, 2017 йилда 150 минг сўмга фақат 1 мегабит тезлик тўғри келар мумкин эди. Бугун фойдаланувчилар шу маблағга 200 мегабитгача олиш мумкин, фарқ беқиёс. Бундан ташқари, жорий йилнинг 21 августидан симли интернетни замонавий GPON ва FTTx оптик технологияларига оммавий ўтказиш ишлари бошланди. Бу ҳар бир абонент учун камида 100 Мбит/с тезлик, барқарор алоқа ва юқори юкламаларга тайёр инфратузилмадан фойдаланиш имконини беради. Бундан ташқари, халқаро internet каналининг нархи сезиларли даражада пасайтирилди. Сўнгги тўрт йил ичида бир мегабит/s нархи 244 958 сўмдан 30 038 сўмгача, яъни саккиз баробарга камайди. Компания томонидан ишга туширилган миллий видеоконференсалоқа ҳамда 120 дан ортиқ телеканални кузатиш имконини берувчи TelecomTV media платформаси жамият ва оилаларнинг рақамли ёрдамчисига айланди. Ўз ичига бир қанча қулайликларни жамлаган MyUZTELECOM иловаси ҳақида ҳам шундай дейишимиз мумкин. Хусусан, яқинда илова орқали жамоат транспортлари – автобус ва метро учун йўлкира тўловини амалга ошириш имконияти ҳам қўшилди. Бу борада ҳам аҳолига қулайлик яратиш эътибордан четда қолмади ва ҳар беш мартагача бўлган бир сафар учун 500 МБ бонус internet тақдим этилмоқда. Шунингдек, компаниянинг транспорт соҳасида фаол фаолият олиб бораётганлигининг яна бир мисоли UZTELECOM томонидан “Афросиёб” тезюрар поездларига Wi-Fi тизимининг ўрнатилишидир. Бугун Тошкент Метрополитенининг барча ер ости бекатларида, аэропорт, туристик масканлар, тоғли ҳудудлар, яъни алоқа муҳим бўлган ҳар бир жойда мобил алоқа ва internet хизмати барқарорлиги таъминланган.
Фаолиятлар натижасида 2023-2024 йилларда UZTELECOM технологик ривожланиш, мижозларга хизмат кўрсатиш ва стратегик бошқарувнинг юқори даражасини кўрсатадиган бир қатор халқаро мукофотларга сазовор бўлди. Жумладан, компания фаолияти ҳозирга қадар “МДҲ давлатлари орасида энг яхши ривожланаётган минтақавий оператор”, “2023 йил МДҲ мамлакатларининг минтақавий оператoри” ва “Энг яхши 5G таъминоти учун” нуфузли халқаро мукофотларга сазовор бўлди.
Юқорида таъкидлаганимиздек, бундай ўзгаришларга ўз-ўзидан эришилгани йўқ албатта. Буларнинг барчасига давлатимиз раҳбарининг томонидан юритилаётган оқилона сиёсат, минглаб мутахассисларнинг fidokorлиги ва телекоммуникация соҳасини ривожлантириш йўлида масъулият билан амалга оширилган самарали меҳнат туфайли эришилди.
Тимур МАМАДЖАНОВ
“Ўзбектелеком” АК бошқарув раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси