Бугун Ўзбекистон энергетика ҳафталиги доирасида ўтказилаётган кўргазмалар ўз ишини якунлайди.
Кўргазма доирасида бир қатор музокаралар ташкил этилиб, келишувларга эришилмоқда.
Ҳафталикнинг иккинчи куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Baker Hughes” компанияси ўртасида ўтказилган музокаралар ана шундай тадбирлардан биридир.
Томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, улар “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “ЎзЛИТИнефтгаз” АЖ ва “Baker Hughes” масъул техник мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳини тузиш ҳамда газ турбинали двигателларни электр юритмали двигателларга алмаштириш имкониятларини биргаликда ўрганиш масаласи ҳақида ҳам сўз юритди.
Таъкидлаш керакки, бурғилаш, захираларни баҳолаш, конларни ўзлаштириш хизматларини кўрсатувчи ушбу АҚШнинг “Baker Hughes” компанияси 120 дан ортиқ мамлакатда ўз фаолиятини олиб боради.
Мулоқот давомида “ЎзЛИТИнефтгаз” АЖ ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари учун карбонат ангидрид утилизацияси бўйича замонавий технологиялар ва ечимларга бағишланган масофавий техник сессия ўтказишга келишиб олинди.
Музокаралар якунида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Baker Hughes” компанияси ўртасида сиқув компрессор станцияларига хизмат кўрсатиш бўйича шартнома имзоланди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА