“Ўзбекнефтгаз” АЖ стенди “Baku Energy Week-2026”да махсус номинацияга сазовор бўлди
Бу ҳақда жамият ахборот хизмати хабар берди. Унда қайд этилишича, Боку шаҳрида ўтказилаётган “Baku Energy Week - 2026” халқаро энергетика ҳафталиги доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўз стенди билан фаол иштирок этиб, меҳмонлар ва иштирокчиларнинг эътиборини тортди.
Уч кун давомида ҳам стендга ташриф буюрувчилар сони юқори даражада сақланиб қолди. Меҳмонлар компаниянинг нефть-газ қазиб чиқариш соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалари, халқаро ҳамкорлик йўналишлари, инвестиция дастурлари ҳамда кадрлар салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.
Шунингдек, соҳа мутахассислари, инвесторлар ва ёш кадрлар билан ўтказилган мулоқотлар давомида истиқболли лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди ҳамда ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Эътиборлиси, фаол ва самарали иштироки учун “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти “BakuEnergy Week - 2026” ташкилотчилари томонидан махсус номинация билан тақдирланди.
Эслатиб ўтамиз, “Baku Energy Week-2026” бугун ўз ишини якунлайди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА