Ўзбекистоннинг янги экспорти: нефть эмас, сунъий интеллект
Яқин йилларда Ўзбекистон жаҳон бозорига пахта, олтин ёки газ эмас, балки сунъий интеллект хизмати экспорт қилувчи мамлакатлар қаторига қўшилишни мақсад қилган. Ҳукуматимиз 2030 йилга бориб ахборот технологиялари ва СИ соҳасидаги экспорт миқдорини 5 миллиард долларга етказишни режалаштирган. Бу рақам бир қарашда анча салмоқли кўринса-да, сўнгги йиллардаги ўсиш суръати мўлжал тасодифий эмаслигини кўрсатади. Рақамли хизмат экспорти 2017 йил бир миллион долларга ҳам етмаган, бугун эса қарийб бир миллиард долларга яқинлашди.
“Euronews” таҳлилига кўра, бундай ижобий ўзгариш замирида фақат технология эмас, балки демография устунлиги ҳам яширин. Зеро, мамлакатимиз аҳолисининг асосий қисми ёшлар, интернетдан фойдаланиш даражаси ҳам юқори суръатда ўсмоқда. Шу ресурсдан фойдаланиб, Тошкент халқаро компанияларни жалб қилишга уриняпти. Мақсад – оддий аутсорсинг, яъни хориж компаниялари учун техник хизмат кўрсатишдан юқорироқ босқичга чиқиш, янги рақамли маҳсулот ва интеллектуал хизмат турларини яратиш.
Мазкур жараёнда маълумот марказлари муҳим ўрин тутади. Маълумот маркази – улкан ҳажмли рақамли маълумотни сақлаш ва қайта ишлашга хизмат қилувчи махсус инфратузилма. Сунъий интеллект тизими ишлаши учун мислсиз ҳисоблаш қуввати талаб этилади, электр токига эҳтиёж ошади. Шу боис расмийлар энергетика имкониятини рақамли иқтисодиёт билан боғлашга ҳаракат қилмоқда. Қувватни оддий хом ашё сифатида эмас, балки юқори қўшимча қиймат яратадиган рақамли хизмат орқали сотиш ғояси илгари сурилмоқда.
Ўзбекистон ҳозирча АҚШ, Хитой каби давлатлар билан кучли СИ моделларини яратиш бўйича рақобатлаша олмаслиги мумкин. Бинобарин, республикамиз бошқа устунликка эга – инсон капитали. Шунинг учун асосий эътибор сунъий интеллектдан фойдаланувчи хизмат, дастур ва бизнес ечими ишлаб чиқишга қаратилмоқда. Яъни, таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва логистика соҳаларига замонавий технологияни кенг жорий этиш орқали янги иқтисодий имконият яратилади.

Улкан режалар билан бирга жиддий синов ҳам мавжуд. Сунъий интеллектни жорий қилиш учун фақат сервер ёки сармоя етарли эмас. Малакали кадрлар тайёрлаш, кибер хавфсизликни таъминлаш ва аҳоли ишончини шакллантириш ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Кибер хавфсизлик – рақамли тизимни хакерлик ҳужуми ва маълумот ўғирланишидан ҳимоя қилиш жараёни. Шу масалалар муваффақиятли ҳал этилса, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг рақамли маркази сифатида СИ хизмати экспорт қилувчи янги кучга айланиши шубҳасиз.
Мусулмон Зиё, ЎзА