Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий асослар мустаҳкамланмоқда
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Мажлисда энергия хавфсизлигини таъминлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш халқаро ҳамжамиятнинг устувор вазифаларидан бирига айлангани қайд этилди.
“Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Тоза энергия маркази уставини (Ашхобод, 2021 йил 27 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун Ўзбекистоннинг ушбу йўналишдаги халқаро ҳамкорлигини янада кенгайтириш, “яшил” иқтисодиёт тамойилларини изчил жорий этиш ҳамда барқарор энергетика соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади.
Сенаторларнинг таъкидлашича, “Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасида абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартномани (Остона, 2025 йил 17 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик, хавфсизлик ва ўзаро ишончни кучайтиришга хизмат қилади.

“Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги Битимни (Исломобод, 2026 йил 5 февраль) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.
Мазкур Битим хорижий давлатда озодликдан маҳрум этилган фуқароларга жазони ўз давлати ҳудудида ўташ имкониятини яратади. Бу эса маҳкумларнинг оила аъзолари билан алоқаларини сақлаб қолиш, уларнинг ижтимоий мослашуви ва қайта ижтимоийлашувига кўмаклашади.
Мажлисда “Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Гиёҳвандликка қарши курашиш маркази тўғрисидаги Битимни (Тянсзин, 2025 йил 1 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.

Муҳокама давомида сенаторлар қайд этишича, мазкур қонунларнинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаб, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда трансмиллий жиноятчилик ва гиёҳвандликка қарши курашиш механизмларини такомиллаштиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА