Президент Шавкат Мирзиёев 6 февраль куни кимё саноатида 2025 йилги режалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказган эди.
БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг пестицидлар сифатини назорат қилиш бўйича лаборатория салоҳиятини кучайтириш мақсадида миллий семинар ташкил этилди.
“Хавфли кимёвий моддаларни оқилона бошқариш бўйича техник кўмак” лойиҳаси мамлакатимизнинг барқарор ва яшил иқтисодиётга ўтишини қўллаб-қувватлаш бўйича Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилиб келинаётган дастурнинг бир қисмидир.
Тадбирда Ўзбекистон лаборатория тармоғидаги муҳим масалалар, хусусан, асбоб-ускуналарни модернизация қилиш, кадрлар тайёрлаш ва идоралараро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.
БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан лаборатория текшируви ўтказилганда натижалар шуни кўрсатдики, мамлакатда вазирлик, академик муассасалар ва хусусий секторда ихтисослаштирилган лабораториялар тармоғи мавжуд бўлса-да, бу муассасалар муҳим операцион ва стратегик муаммоларга дуч келмоқда, семинар ушбу тўсиқлар муҳокамасига қаратилди.
ФАО лойиҳаси бош техник маслаҳатчиси Стивен Робинсон Ўзбекистон пестицидларни бошқариш тизимини модернизация қилишнинг муҳим босқичида эканини таъкидлади.
[gallery-21680]
– Таҳлилларимиз шуни кўрсатадики, лаборатория инфратузилмасини стратегик жиҳатдан мустаҳкамлаш озиқ-овқат хавфсизлиги ва пестицидлар қолдиқларини текшириш каби кимёвий таҳлилнинг аниқ йўналишлари бўйича мақсадли салоҳиятни ошириш билан биргаликда мамлакатнинг аналитик-таҳлилий имкониятларини сезиларли даражада яхшилаш имконини беради, – деди Стивен Робинсон. – Энг мустаҳкам пойдеворга эга институтларни аниқлаш ва уларга сармоя киритиш орқали мувофиқлаштириш эҳтиёжларига хизмат қиладиган ва қишлоқ хўжалиги ривожланишини қўллаб-қувватлайдиган мукаммал марказларни яратишимиз мумкин.
Лабораторияларни аккредитация қилиш бўйича халқаро маслаҳатчи Упали Самаражива эса халқаро лаборатория аккредитациясига ўтиш Ўзбекистонда пестицидлар таҳлилига ёндашувни тизимли равишда ўзгартиришни талаб қилади, деди.
Семинар давомида аксарият лабораториялар барқарор бизнес моделларисиз ҳукумат ташаббуси сифатида ташкил этилгани, бу эса зарур материалларни харид қилиш ва малакали кадррларни сақлаб қолишда операцион қийинчиликларга олиб келиши айтилди. Ҳозирги вазият турли институционал лабораториялар ўртасидаги ўзаро мураккаб таъсирни кўрсатади. Вазирликлар таркибидаги давлат органлари озиқ-овқат хавфсизлиги, атроф-муҳит мониторинги ва пестицидлар қолдиқларини таҳлил қилишга ихтисослашган.
Лойиҳанинг миллий координатори Элмурод Назаров ривожланишни қўллаб-қувватловчи институционал тузилма ҳақида сўз юритиб, Ўзбекистонда пестицидларни самарали бошқариш бутун институционал тузилма бўйлаб тўхтовсиз мувофиқлаштиришни талаб қилишини қайд этган.
Иштирокчилар ФАО томонидан 2024 йил сўнгида ўтказилган кенг қамровли базавий баҳолаш жараёни билан боғлиқ масалаларни ҳам муҳокама қилишди. Баҳолаш жараёнида озиқ-овқат ва атроф-муҳитдаги пестицидлар, ўғитлар ва қолдиқларни таҳлил қила оладиган лабораториялар ўрганилган эди. Ушбу баҳолаш Халқаро савдо марказининг лабораторияларни аккредитация қилиш бўйича олиб бораётган ишлари билан биргаликда Ўзбекистонда лаборатория салоҳиятини ошириш бўйича стратегик “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир якунида иштирокчилар лабораториянинг жорий фаолияти ва истиқболдаги ривожланиш имкониятлари бўйича амалий тажрибага эга бўлди. Шунингдек, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ихтисослаштирилган таҳлилий назорат маркази лабораториясига экскурсия уюштирилди.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА