Ўзбекистоннинг ОҲИЧК доирасидаги ишончни мустаҳкамлашдаги ўрни
Боку шаҳрида 15 октябрь куни Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг (ОҲИЧК) VII саммити бўлиб ўтади.
Ушбу учрашув давлатларнинг мулоқотни давом эттириш ва ўзаро муштарак жиҳатларни топиш қобилияти алоҳида аҳамият касб этаётган бир даврда ўтказилади. Халқаро вазият мураккаблашиб бораётган шароитда ОҲИЧКга эътибор, аввало, унинг сиёсий позициялари ва миллий манфаатлари турлича бўлган мамлакатларни бирлаштирувчи кўп томонлама мулоқот майдони сифатидаги ўрни билан боғлиқ.
Мазкур форматнинг асосий устунлиги унинг инклюзив хусусиятга эгалигидир. ОҲИЧК ҳарбий-сиёсий блок ҳисобланмайди ва иштирокчи давлатларнинг ташқи сиёсат юритишдаги суверен ҳуқуқларини чекламайди. Кенгаш фаолияти консенсус, ихтиёрийлик, тенглик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланади. Бу эса манфаатлари турлича бўлган давлатларга мунтазам мулоқотни давом эттириш имконини беради.
Ушбу тамойиллар Ўзбекистон ОҲИЧК доирасида изчил амал қилиб келаётган ёндашувнинг асосини ташкил этади. Тошкент мазкур тузилманинг Осиё давлатлари ўртасида ишонч чораларини амалга ошириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш воситаси сифатидаги ролини мустаҳкамлаш тарафдоридир.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ОҲИЧК фаолиятига доир тизимли ёндашуви ўзаро боғлиқ бир неча йўналишни қамраб олади. Уларнинг умумий мазмуни давлатлар ўртасидаги ишончни сақлаш, уни амалий мазмун билан бойитиш ҳамда кўп томонлама механизмларнинг умумий таҳдидларга жавоб бериш салоҳиятини мустаҳкамлашдан иборат. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йилда Душанбеда ва 2022 йилда Остонада бўлиб ўтган саммитлардаги нутқларида ушбу ёндашув уч асосий йўналишда ривожлантирилди.
Биринчиси — хавфсизликни таъминлашга комплекс ёндашув.
Ўзбекистон замонавий таҳдидларни фақат сиёсий ва куч ишлатиш воситалари орқали бартараф этиб бўлмаслигидан келиб чиқади.
Давлатлар барқарорлиги инсон капиталининг сифати, ёшларнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имкониятлари, таълим ва маданиятнинг ривожланиш даражаси, шунингдек, радикаллашувга қарши туриш қобилиятига ҳам боғлиқ.
Шу муносабат билан Президент нутқларида гуманитар ҳамкорлик масалалари муҳим ўрин тутади. Ўзбекистоннинг ОҲИЧК доирасида ёшларга оид кун тартибини илгари суришга қўшган салмоқли ҳиссаси ушбу ёндашувнинг амалий ифодаси бўлди. Жумладан, мамлакатимиз Кенгашнинг Ёшлар кенгашига ҳамраислик қилди.
Бундан ташқари, Тошкент гуманитар йўналишда ишонч чораларини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчилик вазифасини ўз зиммасига олди. Бу мамлакатимизнинг сиёсий ташаббусларни амалдаги ҳамкорлик механизмлари орқали рўёбга чиқаришга интилишини яққол намоён этади.
Иккинчиси — кўп томонлама ҳамкорликнинг амалий натижаларга йўналтирилганлиги.
Ишончнинг умумий тамойилларини биргаликдаги фаолиятнинг аниқ йўналишларига татбиқ этиш Ўзбекистон ёндашувининг ўзига хос жиҳатига айланди. 2019 йилда ушбу ёндашув савдони кенгайтириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, транспорт алоқаларини ривожлантириш ҳамда экологик муаммоларни, жумладан, Орол фожиаси оқибатларини биргаликда бартараф этишга қаратилган таклифларда яққол намоён бўлди.
2022 йилда кун тартибининг амалий мазмуни янада бойиди: озиқ-овқат хавфсизлиги, рақамлаштириш, инновациялар, барқарор ишлаб чиқариш ва логистика занжирларини шакллантириш масалалари илгари сурилди. Ушбу ташаббусларни давлатларнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётдан ўзаро манфаатдорлиги ишончни мустаҳкамлаш учун моддий асос яратади, деган қараш бирлаштиради.
Учинчиси — минтақавий муаммоларни биргаликда ҳал этиш.
Мазкур йўналиш Тошкентнинг бир давлат саъй-ҳаракати билан самарали ҳал этиб бўлмайдиган муаммоларни бартараф этишда кўп томонлама механизмларнинг амалий ролини оширишга интилишини акс эттиради.
Афғонистон масаласи бунга яққол мисолдир. Президент юқори даражада халқаро музокаралар олиб борадиган гуруҳни шакллантириш ташаббуси юзасидан Осиё мамлакатларининг БМТ Бош Ассамблеясига биргаликда мурожаат қилиши имкониятини кўриб чиқишни таклиф этди.
Экология соҳасида Ўзбекистон “Яшил Осиё” концептуал дастури доирасида мамлакатларни жадал кўкаламзорлаштириш ва экотизимлар ўртасидаги боғлиқликни қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан доимий эксперт маслаҳатлашувларини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди. Ушбу таклифлар етакчи давлатлар ўртасидаги келишмовчиликлар кучайиб бораётганига қарамай, минтақанинг долзарб муаммоларини халқаро ҳамжамият диққат марказида сақлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Бу ёндашувлар Ўзбекистоннинг ОҲИЧК доирасидаги сиёсатининг асосий мазмунини очиб беради. У давлатлар ўртасидаги ишончни сақлаш, уни амалий ҳамкорлик орқали мустаҳкамлаш ҳамда Осиёдаги аниқ муаммоларни биргаликда ҳал этишда кўп томонлама механизмлардан фойдаланишни назарда тутади.
Бокудa бўлиб ўтадиган ОҲИЧКнинг VII саммити ушбу кун тартибини ривожлантиришнинг навбатдаги босқичи бўлади. Кенгаш олдида тўпланган салоҳиятни сақлаб қолиш ва айни пайтда шерикликнинг амалий самарадорлигини ошириш каби муҳим вазифа турибди. Бунда транспорт ва иқтисодий ўзаро боғлиқлик, рақамлаштириш, барқарор ривожланиш, озиқ-овқат ва экологик хавфсизлик масалалари алоҳида аҳамият касб этади.
Бундай шароитда ОҲИЧК фаолиятининг самарадорлиги кўп жиҳатдан ўзаро боғлиқ уч йўналишдаги саъй-ҳаракатларга боғлиқ бўлади.
Аввало, сиёсий ишончни мустаҳкамлаш зарур. Геосиёсий рақобат кучайиб бораётган бир пайтда ОҲИЧКни манфаатлари ва позициялари турлича бўлган давлатлар ўртасидаги мулоқот учун очиқ майдон сифатида сақлаб қолиш муҳимдир.
Шу билан бирга, иқтисодий ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Транспорт, савдо, энергетика, инвестициялар ва рақамли инфратузилма давлатлар ўртасида мустаҳкам алоқаларни шакллантириш, барқарор муносабатларни сақлашдан манфаатдорликни оширишга хизмат қилади.
Ниҳоят, гуманитар ҳамкорликни изчил мустаҳкамлаш лозим. Таълим, ёшлар алмашинуви, маданият, илмий ҳамкорлик ва экспертлар ўртасидаги мулоқот ишончнинг босқичма-босқич шаклланадиган ҳамда сиёсий вазият ўзгаришидан қатъи назар, ўз аҳамиятини сақлаб қоладиган асосини яратади.
Ўзбекистон ҳар уч йўналиш бўйича ўз амалий тажрибаси ва аниқ ташаббусларига эга. Мамлакатимиз ОҲИЧК доирасида хавфсизлик масалаларини иқтисодий ривожланиш ва гуманитар мулоқот билан узвий боғлайдиган ёндашувни изчил илгари сурмоқда.
Ноаниқлик кучайиб бораётган шароитда Осиё олдида янги бўлиниш чизиқларини яратиш эмас, балки манфаатлар ўртасида тафовутлар мавжуд бўлган тақдирда ҳам муштарак жиҳатларни топиш имконини берувчи механизмларни излаш вазифаси турибди. ОҲИЧК сиёсий мулоқот учун имкониятларни сақлаш ва амалий ҳамкорлик учун шароит яратиш орқали ушбу вазифани бажаришга қодир.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг ҳиссаси ишончни мустаҳкамлаш ҳамда минтақанинг хавфсиз ва фаровон келажагини барпо этишга қаратилган ташаббусларни изчил амалга оширишда намоён бўлади.
Бекзод НОРМАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими.