Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консуллиги АҚШдаги ватандошларга муҳим мурожаат билан чиқди
АҚШдаги ўзбек диаспорасининг ижобий имижи хавф остида. Нью-Йоркдаги Ўзбекистон Бош консуллиги юртдошларимизни маҳаллий қонунларга қатъий риоя этишга чақирди.
Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консуллиги Америка Қўшма Штатларида яшаб, меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ўзбекистонликларга мурожаат йўллаб, маҳаллий қонун-қоидаларга қатъий риоя этиш ҳамда жамоат тартибини ҳурмат қилиш зарурлигини эслатиб ўтди.
Дипломатик ваколатхона қайд этишича, кейинги пайтда айрим юртдошларимиз томонидан содир этилаётган қонунбузарликлар матбуотда ва ижтимоий тармоқда кенг муҳокама қилинмоқда. Консуллик бу каби нохуш ҳолат, аввало, қонунни бузган шахснинг ўзи учун ҳуқуқий муаммо келтириб чиқаришини, шу билан бирга, АҚШдаги бутун ўзбек жамияти (диаспораси)нинг ижобий имижига ҳам соя солишини алоҳида таъкидлаган.
Шунингдек, мурожаатда Океан ортида истиқомат қилаётган ўзбекистонликларнинг аксарияти ҳалол меҳнат, тадбиркорлик ёки илм билан шуғулланиб, ватанимиз довруғини муносиб равишда юқори кўтариб келаётгани эътироф этилган.
Айниқса, йирик халқаро анжуман ва нуфузли спорт мусобақалари ўтказилаётган даврда хорижлик меҳмонлар ва маҳаллий ОАВ эътибори янада кучайиши сабабли, ҳар бир фуқаронинг хатти-ҳаракати ва ўзини тутиши алоҳида аҳамият касб этиши айтиб ўтилган. Бош консуллик ўз ваколати доирасида юртдошларимизга ҳар қандай ҳуқуқий ва консуллик ёрдами кўрсатишга доимо тайёрлигини билдирган. Шу билан бирга, барча ватандошларни янада масъулиятли бўлишга, маҳаллий қонунларга амал қилишга ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборига путур етказиши мумкин бўлган ножўя ҳаракатлардан узоқ юришга чақирди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА