Ўзбекистоннинг косметика ва фармацевтика салоҳияти халқаро майдонда тақдим этилди
Италиянинг Болонья шаҳрида 2026 йилнинг 26-29 март кунлари бўлиб ўтган нуфузли Cosmoprof Bologna халқаро кўргазмасида Ўзбекистон илк бор миллий стенд билан иштирок этди. Ушбу иштирок Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда “Pharm Service” давлат муассасаси ташаббуси билан ташкил этилди ва мамлакатимиз косметика саноати тарихида муҳим воқеа бўлди.
“Made in Uzbekistan” миллий стенди орқали юртимизда ишлаб чиқарилаётган косметика ва парфюмерия маҳсулотлари халқаро аудиторияга кенг тақдим этилди. Хусусан, маҳаллий “Ozwell”, “Beun Cosmetics” ва “Seven Saber” брендлари ўз маҳсулотлари билан иштирок этиб, уларнинг юқори сифати ва рақобатбардошлиги хорижий мутахассислар ва бизнес вакиллари томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди.

Маълумки, Cosmoprof Bologna гўзаллик индустрияси бўйича дунёдаги энг йирик ва нуфузли B2B платформалардан бири ҳисобланади. Ҳар йили мазкур кўргазмада 150 дан ортиқ мамлакатлардан иштирокчилар, 3 мингдан зиёд компания ва брендлар ҳамда 250 мингдан ортиқ соҳа мутахассислари қатнашади. Унда ишлаб чиқариш ва технологиялар (Cosmopack), парфюмерия ва косметика маҳсулотлари (Cosmo Perfumery & Cosmetics), шунингдек, профессионал гўзаллик хизматлари (Cosmo Hair, Nail & Beauty Salon) каби асосий йўналишлар қамраб олинади. Кўргазма глобал трендлар шаклланадиган, инновацион маҳсулотлар илк бор тақдим этиладиган ҳамда халқаро ҳамкорлик ва шартномалар йўлга қўйиладиган муҳим майдон сифатида эътироф этилади.
Кўргазма доирасида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси халқаро ташкилотлар ва компаниялар билан қатор учрашувлар ўтказди. Жумладан, International Beauty Industry Trade Association (Жанубий Корея), Cosmoprof Worldwide Bologna (Италия), Beauty Cluster ҳамда Beauty Business School (Испания) каби нуфузли тузилмалар вакиллари билан самарали музокаралар олиб борилди.

Учрашувлар давомида мамлакатимиз косметика, эстетик тиббиёт ва фармацевтика саноатининг мавжуд салоҳияти ҳамда уни янада ривожлантириш имкониятлари кенг тақдим этилди. Томонлар Ўзбекистонда халқаро брендларни локализация қилиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, илғор технологияларни трансфер қилиш, шунингдек, мутахассислар тайёрлаш ва таълим дастурларини йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди.
Шу билан бирга, делегация томонидан мамлакатимизда яратилган қулай инвестиция муҳити, ишлаб чиқариш инфратузилмаси, солиқ ва божхона имтиёзлари, шунингдек, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳияти халқаро ҳамкорларга батафсил таништирилди.
Мазкур кўргазма доирасида Ўзбекистон делегацияси хорижий компаниялар ва ташкилотлар билан музокараларни фаол олиб борди. Уларда косметика ва фармацевтика соҳаларини янада ривожлантириш, замонавий ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш, илмий-тадқиқот йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда мамлакатимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Шунингдек, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Фармацевтика техник университети тадқиқотчиси Миржалол Ўктамов Прага шаҳрида бўлиб ўтган Pharmaceutics, Biopharmaceutics and Pharmaceutical Technology (PBP) 15-халқаро конференциясида иштирок этди. Мазкур нуфузли анжуманда фармацевтика, биофармацевтика, дори етказиб бериш тизимлари ва фармацевтик технологиялар йўналишидаги энг сўнгги илмий ютуқлар муҳокама қилинди.
– Ушбу иштирок менга хорижлик ҳамкасблар билан тажриба алмашиш, долзарб илмий муаммоларнинг инновацион ечимлари билан танишиш имконини берди, – деди Миржалол Ўктамов.
Умуман олганда, Ўзбекистоннинг Cosmoprof Bologna кўргазмасидаги иштироки мамлакатимиз косметика ва фармацевтика саноатининг ишлаб чиқариш ва илмий салоҳиятини намоён этиш, экспорт географиясини кенгайтириш ҳамда “Uzbekistan” брендини халқаро майдонда мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадамдир. Шу билан бирга, амалга оширилган учрашув ва музокаралар янги қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш, илғор технологияларни жалб этиш ва халқаро бизнес алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА