Пойтахтимизда “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДМ томонидан Бутунжаҳон аккредитация куни ва Ўзбекистон миллий аккредитация тизимининг сўнгги 5 йиллик фаолиятига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда юртимиз иқтисодиётини мустаҳкамлаш, экспорт салоҳиятини ошириш, сифат инфратузилмасини ривожлантириш борасида қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда. Зеро, маҳсулот, жараён, хизмат кўрсатиш масалаларида истеъмолчилар ва давлат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, маҳсулот сифати ва рақобатбардошлигини ошириш, савдода техник тўсиқларни бартараф этиш республика иқтисодиёти ривожининг устувор вазифалари ҳисобланади.
“Ўзбекистон аккредитация маркази” ДМ 5 йиллик фаолияти сарҳисоб қилинди. Соҳада бир қатор натижаларга эришилди. Калибрлаш ва синов лабораториялари, менежмент тизимлари ҳамда маҳсулотларни сертификатлаштириш органлари халқаро тан олинган даражада аккредитациядан ўтказиб келинмоқда.
[gallery-17817]
Тизимда 176 та техник эксперт, 54 та баҳоловчи фаолият юритмоқда ва уларнинг сафи кенгайиб бормоқда. Ривожланган давлатлар тажрибаси - аккредитация тизимини ҳалқаро талабларга мослаштириш механизмидан фойдаланиш мамлакат иқтисодиёти ва экспорт кўламини оширишда юқори самара берганини кўрсатиб турибди.
Шу боис, миллий мувофиқликни баҳолаш тизимининг халқаро доирада тан олинишини таъминлаш учун минтақавий Осиё-Тинч океани аккредитация ҳамкорлиги (АРАС), Лабораториялар аккредитацияси бўйича халқаро ҳамкорлик (ILAC), Халқаро аккредитация форуми (IАF) ташкилотларига тенг ҳуқуқли аъзо бўлиш юзасидан босқичма-босқич ишлар олиб борилди.
Халқаро анжуманда қайд этилишича, аккредитация органи фаолияти халқаро ILAC ва IАF ташкилотлари талаблари асосида ташкил этилди. Фаолиятни тартибга солувчи 3 та Президент ҳужжатлари ва 2 та Вазирлар Маҳкамаси қарори, 1 та қонун қабул қилинди, 89 та ЎзАКК менежмент тизимига оид ҳужжатлар тўплами ишлаб чиқилди.
2022 йил сентябрь ойида Миллий аккредитация тизими халқаро доирада баҳолашдан ўтказилиб, Аккредитация натижаларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги кўп томонлама Битимларга қўшилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/uclkmbbYIws" title="Oʻzbekistonning JSTga aʼzo boʻlish jarayoni jadallashmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>– Давлатимиз раҳбари томонидан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш доирасида асосий музокараларни якунлаб, ички қонунчиликни мослаштириш, янги стандартларни жорий этиш ишларини жадаллаштириш бўйича вазифалар белгилаб берилган эди, – дейди Ўзбекистон аккредитация маркази директори Ансабхон Зокиров. – Ушбу вазифаларнинг самарали ижросини таъминлаш, мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш фаолиятини халқаро стандартлар асосида ташкил этиш ҳамда аккредитация натижалари халқаро даражада тан олинишига эришиш учун Миллий сифат тузилмасининг ажралмас қисми бўлган “Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш тўғрисида”ги янги қонун қабул қилинди.
Халқаро тан олиш кўламини кенгайтириш мақсадида яна бир қатор схемаларни халқаро даражага олиб чиқиш, синов натижаларини халқаро майдонда тан олинишига эришиш, маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилишда юзага келиши мумкин бўлган техник тўсиқларни бартараф этиш, халқаро нормаларни тизимга жорий қилган ҳолда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштиришга ҳисса қўшишни асосий мақсадларимиз сифатида белгилаб олганмиз.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА