Ўзбекистон Республикасининг Жанубий Кореядаги Фавқулотда ва мухтор элчиси ҳамда Сирдарё вилояти ҳокими ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Сирдарё вилояти ҳокимлигининг қабуллар саройида мамлакатимизнинг Жанубий Кореядаги Фавқулотда ва мухтор элчиси Виталий Фен ҳамда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ўртасида Жанубий Корея компаниялари ва Сирдарё вилояти ўртасида икки томонлама савдо-иқтисодий, инвестиция ва молия-техника соҳаларида ҳамкорликнинг ҳозирги ва истиқболдаги ҳолатлари юзасидан музокара бўлиб ўтди.

Ушбу учрашув давомида томонлар, вилоятда фармацевтика соҳасини янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги йўналишида замонавий иссиқхоналар барпо этиш, мавжуд маҳаллий хомашёлардан кенг фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришни такомиллаштириш учун инвестиция киритиш, эпидемиологик ҳолат барқорорлашиши билан Сирдарё вилоятида Жанубий Корея ишбилармон доиралари иштирокида бизнес форум ташкил этиш, “Сардоба” сув омбори тошқинидан зарар кўрган ҳудудларга гуманитар ёрдам кўрсатиш, ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш ва шу каби масалалар муҳокама қилинди.
Музокаралар давомида элчи Виталий Фен ўзи туғилиб ўсган юрт, яъни Ўзбекистонни ҳар томонлама ривожланиши учун бор куч ғайратини аямаслиги ҳамда Сирдарё вилояти учун яқиндан ёрдам беришга тайёр эканлигини алида таъкидлади.
Учрашув якунида вилоят ҳокими томонидан мартабали меҳмонга ташриф учун миннатдорчилик билдирилиб, эсдалик совғалари тақдим этилди.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА