Мамлакатимизда IT хизматлари ва маҳсулотлари экспорти сўнгги йилларда сезиларли даражада ўсмоқда. Давлатнинг рақамли иқтисодиётга ўтиши, IT стартапларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро ҳамкорликлар ушбу соҳани ривожлантиришга катта туртки бўлмоқда. Бугунги кунда ўзбек дастурчилари халқаро бозор учун турли дастурий таъминот ечимларини ишлаб чиқмоқда. Улар кўплаб соҳаларда, жумладан, молия, таълим ва соғлиқни сақлашда ишлатилади.
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов АҚШдаги ўзбекистонликлар билан учрашув ўтказди. Мазкур учрашувда 80 дан ортиқ иштирокчи қатнашди, улар орасида бизнес вакиллари, давлат хизматчилари, блогерлар, ОАВ вакиллари ва бошқа соҳа мутахассислари иштирок этишди.
“Silkroad Innovation hub”да ташкил этилган ушбу учрашувдан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистоннинг IT имкониятлари ва мамлакатимизда хорижий компаниялар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот бериш, шунингдек, ватандошлар орқали IT аутсорсинг соҳасида АҚШнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорлик қилишдан иборат.
Учрашувда Ўзбекистон IT хизматлар ва маҳсулотлар экспортини 2030 йилга қадар 5 млрд. долларга етказиш, Ўзбекистонни минтақавий IT Hubга айлантириш, юртимизда IT таълим ва кадрлар тайёрлашга сармоя ва грантлар жалб қилиш мақсадида Америка бозорига кириши масалалари муҳокама қилинди, дейилади Рақамли технологиялар вазирлиги маълумотида.
Шунингдек, тадбирда потенциал инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар, инглиз тилини биладиган ва IT соҳасида дастурлаш хизматларини ишлаб чиқиш ва экспорт қилишга қодир мутахассислар сонини кўпайтириш ҳамда экспорт ҳажмини янада ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Учрашув сўнгида АҚШда фаолият олиб бораётган IT компаниялар вакиллари мамлакатимизда жорий этилган солиқ имтиёзлари, сармоя киритиш, кадрлар танқислигининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган дастурлар борасидаги саволларига жавоб олдилар.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА