Бугунги кунда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига ўнта давлат – Озарбайжон, Афғонистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон аъзо.
Мамлакатимиз мазкур халқаро тузилмадаги шериклари билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқани кенгайтириш, жаҳон бозорида рақобатбардошликни ошириш, минтақада транспорт йўлакларини, саноат кооперациясини ривожлантириш, мавжуд имкониятдан самарали фойдаланиш ва янги йўналишларни яратиш муҳим вазифа саналади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорлиги сезиларли даражада фаоллашди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази берган маълумотга кўра, 2021 йил Ўзбекистоннинг тузилма таркибидаги мамлакатлар билан товар айланмаси 35,1 фоиз ўсиб, 11,2 миллиард долларга етди. 2022 йил ўсиш тенденцияси давом этди ва товар айирбошлаш кўрсаткичи 10,4 фоиз ўсиб, 12,4 миллиард долларни ташкил қилди.
Ўзбекистон ташқи савдосида ИҲТ улуши 24,7 фоизни ташкил этади. Эътиборли жиҳати, 5,75 миллиард долларлик экспорт ҳажми 2021 йилга нисбатан 6,3 фоиз юқори. Импорт эса 6,62 миллиард доллар – 14,3 фоиз ўсган. Ўтган йил умумий экспортнинг учдан бир қисми – 29,8 фоизи ИҲТ мамлакатлари ҳиссасига тўғри келди.
Яна бир маълумот: ўтган йил товар айирбошлашда энг кўп улуш Қозоғистон (37,5 фоиз) ва Туркия (26,3)га тегишли бўлди. Кейинги ўринларни Қирғизистон (10,2), Туркманистон (7,5), Афғонистон (6,1), Тожикистон (5,5), Эрон (3,5), Покистон (1,9) ва Озарбайжон (1,5) эгаллади.
Жорий йил 9 ойи кўрсаткичини кузатсак, ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашганига гувоҳ бўламиз. Яна рақамларга мурожаат қиламиз: ҳисобот даврида ИҲТ доирасида товар айланмаси 9,2 миллиард долларни, аъзо мамлакатларнинг Ўзбекистон умумий товар айланмасидаги улуши 20,5 фоизни ташкил этди. Бунда экспорт миқдори 4,2 миллиард доллар, импорт эса 5,0 миллиард (+3,3%) долларга тенг.
ИҲТ мамлакатлари мамлакатимизнинг асосий экспорт-ҳамкор давлатлари қаторига киради.
Бир сўз билан айтганда, мазкур минтақавий ташкилотнинг халқаро миқёсдаги улкан иқтисодий салоҳияти, ўрни ва аҳамияти тобора ортмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА.