Ўзбекистоннинг Финляндия ва Швеция билан ҳамкорлиги кенгайтирилади
Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Швециянинг Ўзбекистондаги элчиси Мартин Розен ҳамда Финляндиянинг Ўзбекистондаги элчиси Йоханна Мария Ёгрен билан учрашди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг Финляндия ва Швеция билан дўстона муносабатларини янада ривожлантириш, парламентлараро ҳамкорликни янги мазмун билан бойитиш ҳамда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, таълим ва кадрлар тайёрлаш, рақамли технологиялар, экология ва сув ресурсларини бошқариш соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш, таҳлил марказлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш ҳамда “Марказий Осиё - Шимолий Европа” форматидаги мулоқотни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Учрашув якунида парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари ва парламент қўмиталари ўртасида мунтазам мулоқотни фаоллаштириш, парламент назоратини амалга ошириш бўйича тажриба алмашиш, шунингдек, Парламентлараро иттифоқ ва ЕХҲТ Парламент ассамблеяси доирасидаги ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА