Марказий банк 2025 йилнинг биринчи чораги учун статистик бюллетенни эълон қилди.
Ушбу маълумотда 2025 йилдан бошлаб микроқарзлар ажратиш кескин кўпайганини кўриш мумкин. Очиғини айтганда микроқарзлар аллақачон – бундан бир йил аввал банк тизимидаги энг оммабоп маҳсулотга айланиб улгурган эди.
Аммо 2025 йилги ўсиш сезиларли бўляпти. Уч ой ичида 18,7 трлн. сўмлик микроқарз ажратилди. 2024 йилнинг мос пайтида бу кўрсаткич 8,2 трлн., 2023 йилда эса 5,4 трлн. сўм эди.
Аҳоли томонидан уч ой ичида олинган микроқарз (18,7 трлн. сўм), бутун бошли 2024 йилда олинган бошқа барча турдаги кредитлардан кўпроқ.
Микроқарзларнинг ўртача фоиз ставкаси нисбатан анча юқори — 35,4 фоизни ташкил қилмоқда. Аммо бу ҳам микроқарзлар кўпайишига тўсиқ бўлгани йўқ.
Аслида Марказий банк микроқарз ажратишни банклар учун чекламоқчи. Бу турдаги кредитларга ҳам худди автокредитлар каби 25 фоизлик чегара жорий қилинади.
Яъни банклар кредит портфелининг 25 фоизи миқдорида микроқарз ажрата олади. Бунинг ортидан микроқарз олиш худди автокредитлар каби камайиб кетиши кутилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2025 йил 7 июль ҳолатига кўра Марказий банк тижорат банклари томонидан аҳолига берилган микроқарзлар бўйича ўртача фоиз ставкаларини эълон қилди.
Қайд этилишича, микроқарзларнинг ўртача фоиз стафкаси 35,4 фоизни ташкил этмоқда.
Бунда энг қиммат банклар, Apex Bank — 40,6, TBC Bank — 39,7 фоиз, Tenge Bank — 39,5 фоиз, Anor Bank — 39,1 фоизни ташкил этмоқда.
Энг арзон банклар Aloqabank — 21,5 фоизни, Hayot Bank — 25,0 фоиз, Infinbank — 25,6 фоизни, OFB, BRB, Asaka bank 26,0–26,6 фоизни ташкил этмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА