Ўзбекистонлик ёш тадбиркорнинг стартапи Silicon Valley’дан Product Hunt саҳнасига чиқди
Билимли ёшлар мамлакат эртаси саналади. Ўзбекистонлик founder Бекназар Абдикамалов томонидан асос солинган Speko стартапи бугун машҳур “Product Hunt” платформасида тақдим этилди.
Бу лойиҳа сунъий интеллект билан ишлайдиган овозли технологиялар бозорида қайси модел ҳақиқатан ҳам яхшироқ ишлашини аниқлаш ва энг самарали вариантни автоматик танлашга қаратилган.
Бугун дунёда Voice AI — яъни инсон овозини тушуниш, қайта ишлаш ва унга жавоб бериш технологиялари жадал ривожланмоқда. Бироқ дастурчилар учун муҳим савол ҳали ҳам очиқ: қайси сунъий интеллект модели қайси тил ва қайси вазифа учун энг яхши?
Тадбиркор Бекназар Абдикамалов асос солган Speko ана шу муаммоларга ечим бермоқда.

Speko Voice AI учун инфратузилма яратади ва дастурчиларга турли AI voice провайдерлари орасидан муайян тил ҳамда фойдаланиш сценарийси учун энг самарали вариантни танлаш имконини беради. Платформа ягона API орқали Speech-to-Text, LLM ва Text-to-Speech моделларини бирлаштириб, уларнинг энг мақбул комбинациясини аниқлайди.
Бунда моделлар шунчаки номига таққосланмайди. Speko уларни Word Error Rate, latency, Time to First Token ва бир дақиқалик фойдаланиш нархи каби бир қатор кўрсаткичлар бўйича мунтазам синовдан ўтказади.Тест натижалари эса очиқ эълон қилинади. Бу орқали дастурчилар қайси модел қайси тилда ва қайси вазифада яхшироқ натижа бераётганини кўриши мумкин.
Voice AI соҳасида моделлар тез янгиланади. Энг яхши натижа кўрсатган провайдер эртага рақобатчисидан ортда қолиши мумкин. “Speko” нинг муҳим жиҳатларидан бири ҳам шундаки, тизим янги натижаларни кузатиб боради. Агар бошқа модель яхшироқ ишлай бошласа, маршрутизация автоматик равишда ўзгартирилади. Дастурчи эса интеграцияни бошидан қайта ёзишга мажбур бўлмайди. Провайдерлардан бири ишламай қолса, “Speko” 500 миллисекунддан кам вақт ичида захира вариантига ўтиши мумкин.
Бекназар Абдикамаловнинг таъкидлашича, ҳеч бир провайдер барча йўналишларда бирдек энг яхши бўла олмайди. Айниқса, Voice AI’да натижа кўп жиҳатдан тилга боғлиқ. – Ҳеч бир провайдер барча йўналишда энг яхши бўла олмайди, сифат эса кўп жиҳатдан тилга боғлиқ, дейди Бекназар Абдикамолов. – Биз ҳар бир сўровни айни вақтда энг яхши натижа кўрсатаётган stackка йўналтирамиз.
Аслида бу ғоя қаердан пайдо бўлган?
“Speko” ғояси Бекназар Абдикамаловнинг Hupo компаниясидаги тажрибаси асосида шаклланган. У мазкур компанияда тўрт йил давомида co-founder ва CTO сифатида ишлаган. Hupo жами 14 миллион доллар инвестиция жалб қилган ҳамда Morgan Stanley, Prudential, HSBC ва Grab билан боғлиқ лойиҳалар учун бир нечта тилда Voice AI ечимларини ишлаб чиққан. Айнан шу жараёнда жамоа ҳар бир янги бозор учун speech-моделларни қўлбола тарзда солиштиришига тўғри келган. Қайси модель қайси тилда яхшироқ ишлайди, қайси бири тезроқ ва қайси бири арзонроқ — буларнинг барчасини алоҳида текшириш вақт талаб қилган. Шу эҳтиёж кейинчалик Speko концепциясига айланган.
Бекназар Абдикамаловнинг технологик соҳадаги тажрибаси бундан ҳам олдин бошланган. У аввал Amazon’да software engineer, шунингдек, Tridge компаниясининг дастлабки муҳандисларидан бири бўлиб ишлаган. Унинг Y Combinator’га кириш йўли ҳам осон кечмаган. Абдикамалов акселераторга тўртинчи уринишда қабул қилинган. У Ўзбекистондан Y Combinator’га қабул қилинган илк solo-founder сифатида ҳам қайд этилмоқда.
2026 йилда Сан-Францискода ташкил этилган “Speko” бугун ўз тараққиётидаги яна бир муҳим босқичга қадам қўйди — стартап Product Hunt платформасида оммага тақдим этилди.
“Product Hunt” даги тақдимот эса оддий презентация эмас. Платформадаги дастлабки овозлар, қўллаб-қувватлаш ва фойдаланувчиларнинг эътибори стартапнинг рейтингдаги ўрнига таъсир қилади. Бугун сунъий интеллект дунёдаги энг рақобатли технологик йўналишлардан бирига айланган бир пайтда, ўзбек founder’и яратган Speko’нинг мақсади аниқ: энг яхши AI моделини қидириш эмас, балки ҳар бир тил ва ҳар бир вазифа учун айнан энг яхшисини топишдан иборат.
Муҳайё Тошқораева тайёрлади, ЎзА