Юртимизда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги ва Корея ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш агентлигининг қўллаб-қувватлови билан ташкил этилган "U-ENTER" инновацион тадбиркорлик маркази Жанубий Кореянинг илғор тажрибаси асосида ўзбекистонлик ёш тадбиркорларга ўз бизнес лойиҳаларини амалга оширишлари учун ҳар томонлама кўмак бериб келмоқда.
Жорий йил 13 июнь куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлган Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль мазкур инновацион тадбиркорлик марказига ташриф буюриб, яратилган шароитлар билан танишган эди.
Ушбу марказнинг бугунги салоҳияти, ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар ва бу ўзбек ёшларига қандай имкониятларни яратаётгани ҳақида "U-ENTER" инновацион тадбиркорлик маркази директори Олег РИЖЧЕНКО билан суҳбатлашдик.

– Инновацион тадбиркорлик марказлари янги ғоялар ҳаётга татбиқ этиладиган макон бўлиши керак, – дея фикрини бошлайди марказ директори. – Табиийки, замонавий жиҳозланган, бугунги кун талабларига жавоб берадиган воситалар ва технологиялар билан таъминланган бўлиши, айниқса, муҳим.
Бундай марказларда ёш тадбиркорлар тажрибали ишбилармон ва саноат мутахассислари билан учрашиб, улардан бевосита бизнесга оид маслаҳатлар олиш имкониятига эга бўлиши керак.
Шунингдек, бизнес кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича семинар ва тренинглар ҳамда бизнес инкубация ва акселерация каби дастурларнинг ташкил қилиниши инновацион тадбиркорлик марказларининг муваффақиятли фаолият юритиши учун муҳим аҳамият касб этади, зеро бундай муҳит ижодкорлик ва инновацияларнинг пайдо бўлишига олиб келади.
– Стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш босқичлари қандай?
– Бошланғич лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш одатда ғоядан бошланади. Бунда аввал ғоя туғилади, сўнг атрофлича ўрганилади. Кейинги босқич эса тасдиқлаш бўлиб, ғоянинг амалга оширилиши синовдан ўтказилади. Навбатдагиси, яъни ривожланиш босқичи прототип ёки минимал ҳаётий маҳсулотни (MVP) яратишга қаратилган. Шундан сўнг стартаплар ўз маҳсулотларини бозорга олиб чиқиб, ишга тушириш босқичига ўтадилар. Мижозларни шакллантириш ва бозорни кенгайтиришга қаратилган ўсиш кейинги ўринда туради.

Ушбу босқичлар давомида узлуксиз равишда мураббийлик ва йўл-йўриқ кўрсатиб борилиши керак. Молиявий кўмак эса кўпинча грантлар, инвестициялар ёки кредитлар жалб қилиш орқали шакллантирилади.
Ўз навбатида, стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлашда нетворкинг имкониятларини яратиш лойиҳа учун шериклар ва мижозларни топишга ёрдам беради. Ниҳоят, узоқ муддатли муваффақият учун чиқиш стратегиялари (exit strategy) ёки барқарор бизнес моделлари ишлаб чиқилади.
Инновацион тадбиркорлик марказимизда стартап лойиҳаларни юқоридаги барча босқичларда қўллаб-қувватлаб бориш учун махсус инкубация ва акселерация дастурлари мавжуд бўлиб, дастурлар, таъкидлаб ўтилганидек, бевосита халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда олиб борилади.

– Ёшлар тадбиркорлигига кўмаклашиш нималар асосида бўлади?
– Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашнинг асоси сифатли таълим ва малака оширишда. Ёш тадбиркорлар бизнес соҳасида керакли билим ва кўникмага эга бўлишлари зарур. Бунда инновацион тадбиркорлик марказларининг ўрни беқиёс.
Ўз навбатида, тадбиркорлик фаолиятига қизиқувчи ёшларга ҳуқуқий, маъмурий масалаларда доимий маслаҳатлар ва тавсиялар бериш ҳам жуда муҳим. Бу тадбиркорлик фаолиятини тўғри ташкил қилиш ва уни барқарор ривожлантиришга пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, ёшларга ўз бизнесларини бошлашда грантлар жалб қилиш орқали молиявий ёрдам кўрсатиш мавжуд муаммоларнинг тезкор ечимида, айниқса, аҳамиятлидир.
– Пишиқ ва пухта лойиҳалар тузишда нималар муҳим?
– Пухта лойиҳаларни яратиш аниқ мақсад ва батафсил режани талаб қилади. Бунга эса авваламбор, бозорни ўрганиш ва таҳлил қилиш натижасида эришиш мумкин. Бозор тадқиқотлари ва таҳлиллари мижозлар эҳтиёжлари ҳамда бозор тенденциялари ҳақида зарурий маълумотларни тақдим этиш билан лойиҳани шакллантириш жараёнида ҳал қилувчи ўрин тутади.
Бундан ташқари, бозорни ўрганиш рақобатчилар ва учраши мумкин бўлган қийинчиликларни реал баҳолаш имконини беради. Бу эса, ўз навбатида, лойиҳа иштирокчиларига маҳсулот ёки хизматларини самарали равишда илгари суриш стратегияларини ишлаб чиқишда муҳим ҳисобланади.

Ушбу таҳлилий натижалар асосида режалаштириш орқали хавфларни камайтириш, ресурслардан фойдаланишни оптималлаштириш ва ниҳоят, лойиҳа натижаларига эришиш имкониятларини ошириш мумкин.
Юқорида таъкидлаб ўтилганлар билан биргаликда мунтазам фикр-мулоҳазалар алмашинуви, самарали жамоавий иш ва ҳамкорлик, шунингдек, мавжуд шарт-шароитларга мослашувчанлик пишиқ ва пухта лойиҳалар тузишда ҳал қилувчи омиллар қаторига киради.
– Ушбу марказ фаолиятида Корея кўмаги нималарда кўринади?
– Инновацион тадбиркорлик марказини ташкил қилиш ва ривожлантиришда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ва Корея АКТ ривожлантириш агентлиги (NIPA) иштирок этган.
“U-ENTER” фаолиятида Кореянинг инновацияларни қўллаб-қувватлаш ва ёш тадбиркорларни тайёрлаш бўйича илғор тажрибаси асос бўлади. Бу илмий-тадқиқот ва тадбиркорлик дастурлари билан машҳур Кореянинг етакчи “SoonChunHyang” университети, “BITComputer”, “OpenKnowl”ташкилотлари билан кўп қиррали ҳамкорликни ўз ичига олади.
Марказда ёш тадбиркорларга турли курслар ташкил этиш, дастурлар ўтказиш, йўл-йўриқ ва маслаҳатлар беришда кореялик экспертлар иштирок этади.
Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан биргаликда тадбиркорлар ва стартаплар, шунингдек, соҳани қўллаб-қувватловчи ташкилотлар вакиллари учун семинар ва тренинглар, бизнес инкубация ва акселерация дастурлари ҳамда хорижий стажировкалар амалга оширилади.
Ушбу ҳамкорликнинг яна бир кўриниши грант кўмаги бўлиб, инновацион лойиҳалар ва стартапларни молиявий қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали ривожланиши ва кенгайиши учун ёрдам беришга йўналтирилган. Бундай ҳамкорлик халқаро миқёсда катта аҳамиятга эга бозорларга чиқиш имконини беради.
Корея корхоналари ва маҳаллий стартаплар ўртасида алмашинув ва ҳамкорликни йўлга қўйиб, стартаплар ва инновацион экотизимни қўллаб-қувватловчи кўприк вазифасини ҳам бажаради.
Бундан ташқари, марказимизда Корея АКТ ривожлантириш агентлиги (NIPA) билан ҳамкорликда замонавий технологиялар билан жиҳозланган мейкерспейс, яъни 3D- ва IT-лабораториялар ташкил қилинди. Унинг фаолияти кореялик мутахассислар томонидан ўзбек ёш мутахассисларини 3D моделлаштириш ва прототиплаш, рақамли ишлаб чиқариш, шунингдек, илғор рақамли инфратузилмани қўллаш орқали ишлаб чиқаришга инновацион дизайн ишланмаларини жорий этиш бўйича ўқитиш ва тажриба ўтказишга қаратилган.
Шунингдек, кореялик ҳамкорлар билан биргаликда тегишли давлат органлари, уюшмалар, венчур фондлари, университетлар ва стартаплар вакиллари учун инновация ва тадбиркорлик йўналишларида замонавий билимларни ўзлаштириш, малака ошириш мақсадида Корея Республикасига стажировкалар ташкил қилинади.
– Дунё давлатларида бундай тажрибалар борми ва қўшни давлатларда-чи?
– Кўпгина мамлакатларда инновацион тадбиркорлик марказлари билан ишлаш тажрибаси мавжуд. Ушбу марказларнинг фаолияти асосан маҳаллий стартапларни қўллаб-қувватлаш, инновацион тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда иқтисодиётнинг ўсишини рағбатлантиришга қаратилган. Бу эса, мамлакатда инновацияга асосланган тадбиркорлик муҳитини ва стартап экотизимини ривожлантиришга олиб келади. Глобал стартап экотизими индексига кўра, масалан, АҚШ (1-ўрин) Силикон водийси билан машҳур бўлса, Европа мамлакатларидан Буюк Британия (2-ўрин) ва Германияда (7-ўрин) кучли стартап экотизимлари мавжуд.
Осиёда эса Сингапур (6-ўрин), Хитой (12-ўрин), Япония (18-ўрин), Корея (20-ўрин) ривожланган стартап экотизими ва инновацион марказлари билан ажралиб туради. Қўшни давлатлардан Қозоғистон (73-ўрин)ўзининг тадбиркорлар ва стартаплар учун яратилган акселерация марказлари, венчур фондлари ҳамда турли хил қўллаб-қувватлаш дастурлари билан стартап оламига танилган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва илғор тажрибалар алмашинуви тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни доимий равишда кенгайтириб бориш, шунингдек, стартаплар учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.
ЎзА мухбири
Абдулазиз РУСТАМОВ суҳбатлашди.