АҚШнинг Александрия шаҳрида 40 га яқин мамлакатнинг 55 та мактаб шахмат жамоалари иштирокида ўтказилган жаҳон чемпионати якунланди.
Бугун, 7 август куни жаҳон чемпионатининг сўнгги тур ўйинлари ташкил этилди.
Мусобақада мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган "Wisdom" жамоаси 7-турда АҚШнинг "University High School" жамоаси билан рўбарў келди. Ушбу баҳсда ёш шахматчиларимиз Шерали Равшанов, Орият Обиджонов, Мадинабону Халилова ва Сарвиноз Бекмуратова рақиблари билан муроса йўлини танлашди.

Чемпионатнинг охирги турида ҳамюртларимиз барча ўйинларда устунликка эришган Ҳиндистоннинг “Velammal MHS School” жамоаси билан рўбарў келди.
Биринчи тахтада ҳаракатланган ҳамюртимиз Шерали Равшанов рақибини мағлуб этган бўлса, Орият Обиджонов ва Мадинабону Халилова имкониятни бой бериб қўйди. Сарвиноз Бекмуратова ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпиони Пранав билан дурангга эришди. Бу, ҳиндистонлик шахматчилар жамоасининг 2,5:1,5 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади ва жаҳон чемпиони номига сазовор бўлишига олиб келди.

Иккинчи ўриндан жой олишга 7 та жамоа даъвогарлик қилди. Ҳамюртларимиз ҳиндистонликлардан очко тортиб ололмаганидан сўнг, иккита жамоа - Қозоғистоннинг “National School of Physics and Mathemat” ва АҚШнинг “The Harker School” вакиллари 12 очко билан кумуш медалларга даъвогарлик қилди. Охирги турдаги қўшимча кўрсаткичлар ҳолатида қўшни Қозоғистон жамоаси кумуш, океан орти ёшлари бронза медалларига мушарраф бўлди.
Ўзбекистонлик шахматчилар чемпионат давомидаги 8 та турнинг 5 тасида ғалабага эришган бўлса, 2 тасида рақибларига имкониятни бой берди. 1 та учрашувда дуранг қайд этишди. Ҳамюртларимиз 11 очко билан қўшимча кўрсаткичлар ҳисобига 55 та жамоа орасида кучли ўнликни эгаллади.
Т.Рўзиев,
ЎзА