Ўзбекистонлик шахматчилар Германия мусобақасида қатнашмоқда
Бугун, 9 октябрь куни Германияда бошланаётган мамлакат шахмат бундеслигасининг 2026/27 йилги мавсумининг муросасиз мусобақаларида ўзбекистонлик 5 нафар гроссмейстер қатнашиши эълон қилинди.
16 та шахмат клублари иштирокида ўтадиган мусобақаларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Рустам Қосимжонов, Шамсиддин Воҳидов, Нодирбек Ёқуббоев немис клублари сафида дона суради.
Хусусан, Нодирбек Абдусатторов “SC Viernheim” жамоаси шарафини ҳимоя қилса, Жавоҳир Синдоров, Рустам Қосимжонов, Шамсиддин Воҳидов “OSG Baden-Baden”, Нодирбек Ёқуббоев эса “FC Bayern München” клуби номидан мусобақада қатнашмоқда.

Таъкидлаш керакки, “SC Viernheim” жамоаси Германия шахмат бундеслигасининг амалдаги ғолиб жамоаси саналса, “OSG Baden-Baden” бу йилги мавсумда ғолибликка асосий даъвогар клублардан бири сифатида кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Германия шахмат бундеслигаси мусобақаларига 1980 йили асос солинган бўлиб, бугунгача ўтказилган мусобақаларда Ананд, Свидлер, Широв, Бакро, Карлсен сингари номдор шахматчилар иштирок этган.
Мусобақалар 11 октябрга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА