Ўзбекистонлик раҳбар аёллар Европа институтларида бошқарув тажрибасини ўрганмоқда
Мамлакатимизда салоҳиятли раҳбар аёлларнинг касбий ривожланиши, етакчилик қобилиятини мустаҳкамлаш ва халқаро тажрибани ўрганиши учун кенг имкониятлар яратилган. Бу эса давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, стратегик қарорлар қабул қилиш ва жамоатчилик билан очиқ мулоқот ўрнатиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан Европа давлат бошқаруви институти (EIPA) ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан ҳамкорликда раҳбар аёллар захирасидаги салоҳиятли номзодлар учун халқаро стажировка ташкил этилди.
Нидерландия ва Бельгияда ўтказилаётган мазкур ўқув дастури раҳбар аёлларнинг етакчилик салоҳиятини янада юксалтиришга қаратилган.
Маастрихт шаҳрида бошланган дастур доирасидаги илк учрашув EIPA Бошқарувчилар кенгаши раиси Сесилия Викстрём билан очиқ мулоқот шаклида ўтди. Унда давлат бошқарувида аёллар етакчилигининг ўрни, уларнинг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва халқаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Стажировканинг Брюссель босқичида иштирокчилар Европа институтлари ва Бельгия давлат идоралари вакиллари билан учрашиб, замонавий бошқарув ёндашувлари юзасидан ўзаро фикр ва тажриба алмашади.
Маълумот учун, мазкур ўқув сафари GIZнинг “Самарали давлат бошқаруви” лойиҳаси доирасида ташкил этилган. Халқаро стажировка 14 ноябрга қадар давом этади.
М.ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА