Ўзбекистонлик олти нафар боксчи жаҳон чемпионати финалида
Черногориянинг Будва шаҳрида бокс бўйича 19 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг олти нафар вакили финал йўлланмасини қўлга киритди. Яна икки нафар ҳамюртимиз мусобақани бронза медали билан якунлади.
Мусобақанинг +90 кг. вазн тоифасида Ислом Салихов украиналик Володимир Деркачга қарши рингга кўтарилди. Уч раунд давомида устунликни намойиш этган ҳамюртимиз ҳакамларнинг якдил қарори билан 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, финалга йўл олди. -90 кг. вазнда Асадбек Султанбоев англиялик Албе Довеллга ҳеч қандай имконият қолдирмади.
Шунингдек, -75 кг. вазндаги Суҳроб Раҳматуллаев ирландиялик Жасон Велан билан куч синашиб, 5:0 ҳисобида ғалаба қозонган ҳолда ярим финалдан ўтди. 85 килограммгача вазн тоифасида Сардорбек Баҳромхўжаев кубалик Хулио Чибас билан рингга кўтарилди. Муросасиз кечган беллашувда биринчи раундда ҳамюртимиз, иккинчи раундда эса рақиби устунликка эришди. Ҳал қилувчи раундда фаолроқ ҳаракат қилган Сардорбек 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, финал йўлланмасини қўлга киритди.
Қизлар ўртасида -51 кг.да Назокат Мардонова қозоғистонлик Мадира Жумакани енгди. Яна бир финал йўлланмаси -70 кг. вазндаги Мафтуна Янгиева ҳисобига ёзилди. У жазоирлик Ханана Каинанега қарши баҳсда йирик ҳисобда зафар қучди.

Афсуски, Мухтасар Алиева ҳамда Зулфиқор Адҳамжонов ўз вазн тоифаларида ярим финалда мағлубиятга учраб, мусобақани бронза медали билан якунлади.
Маълумот учун, финалчилар сони бўйича Россия терма жамоаси ўн нафар боксчи билан пешқадамлик қилмоқда. Ўзбекистон олти нафар финалчи билан иккинчи ўринда бормоқда. Қозоғистон ва Хитой терма жамоалари тўрт нафардан, АҚШ уч нафар, Ирландия, Украина ва Ҳиндистон икки нафардан, Англия, Аргентина, Бразилия, Испания, Эрон, Шотландия ва Япония эса бир нафардан финалчи билан иштирок этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА