Ўзбекистонлик олима-аёл Бутунжаҳон фанлар академияси вице-президенти этиб сайланди
Минтақамиз илм-фани тарихида муҳим ва эътирофга лойиқ воқеа юз берди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти, профессор Шаҳло Турдиқулова 2027–2028 йиллар учун Бутунжаҳон фанлар академиясининг (TWAS) Марказий ва Жанубий Осиё бўйича вице-президенти лавозимига сайланди. Ушбу тайинлов орқали олима академиянинг бутун тарихи давомида унинг раҳбариятига лойиқ кўрилган Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақасидан чиққан илк вакил сифатида тарихга кирди.
Маълумки, физика бўйича Нобель мукофоти лауреати Абдус Салам ташаббуси билан 1983 йилда ташкил этилган Бутунжаҳон фанлар академияси дунёнинг 112 мамлакатидан етакчи тадқиқотчилар ва Нобель мукофоти соҳибларини бирлаштиради. ЮНЕСКОнинг дастурий тузилмаси ҳисобланган мазкур нуфузли ташкилот ривожланаётган давлатларда илм-фан тараққиётини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Шу боис, TWAS аъзоларининг овоз бериши натижаларига кўра аниқланган мазкур сайловда Шаҳло Турдиқулова академиянинг олти нафар вице-президентидан бири сифатида 2027 йил 1 январдан ўз ваколатларини бажаришга киришади. Қайд этиш жоизки, у 2025 йилдан буён ушбу академия аъзоси ҳисобланади.
Бундан ташқари, TWASнинг янги Кенгашига Хитой Фанлар академияси президенти Ҳоу Сзянго раҳбарлик қилади. Профессор Шаҳло Турдиқулованинг мазкур Кенгаш таркибига кириши Марказий Осиёга академиянинг глобал илмий кун тартибини шакллантириш, халқаро илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлашда бевосита иштирок этиш имкониятини беради.
Шу ўринда биология фанлари доктори, биотехнология, биокимё ва инсон генетикаси соҳаларининг таниқли мутахассиси ҳамда Илғор технологиялар маркази директори Шаҳло Турдиқулованинг бой илмий ва касбий фаолиятига тўхталиб ўтиш жоиз. Хусусан, у докторлик диссертациясини тайёрлаш доирасида Лос-Анжелесдаги Калифорния университетининг (UCLA) мембрана биологияси лабораториясида муҳим изланишлар олиб борган бўлса, 2025 йилда Оксфорд университетининг ташкилий етакчилик бўйича дипломини (Postgraduate Diploma in Organisational Leadership) қўлга киритган. Шунингдек, унинг илмий фаолияти Марказий Осиё аҳолиси генетикасини ўрганиш ва юртимизда биотехнологияларни ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, унинг бевосита раҳбарлигида COVID-19 инфекциясини аниқловчи илк маҳаллий ПЗР-тест тизими ҳамда Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигидаги машҳур ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси ишлаб чиқилган.
Маълумки, TWAS илмий тадқиқотлар учун кенг кўламли грантлар ажратади, малакали кадрлар тайёрлашга кўмаклашади ҳамда тадқиқот марказлари ўртасидаги академик алмашинувларни рағбатлантиради. Шу маънода, Шаҳло Турдиқулованинг ушбу нуфузли лавозимга сайланиши Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг илмий ташаббусларини халқаро миқёсда янада фаол илгари суриш, соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда минтақа ёш олимларининг глобал дастурлардаги иштирокини янги босқичга кўтариш учун улкан имкониятлар эшигини очади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА