Ўзбекистонлик мутахассислар учун Малайзияда халқаро малака ошириш дастури ташкил этилди
Бугунги кунда қишлоқ хўжалигини замонавий технологиялар ва инновациялар асосида ривожлантириш дунё давлатлари олдидаги устувор вазифа саналади. Ўзбекистонда ҳам аграр тармоқни рақамлаштириш, илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш ҳамда мутахассислар малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Малайзия билан таълим ва илмий-тадқиқот соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги 30 нафардан ортиқ мутахассис “Young Scientists Uzbekistan @ UPS” халқаро дастурида иштирок этмоқда.
Унда иштирокчилар “Green & Smart Cities”, экология, сунъий интеллект, IoT технологиялари, рақамли таълим, инновацион тадқиқот методологияси ҳамда халқаро илмий мақолалар тайёрлаш бўйича назарий ва амалий билимларини мустаҳкамламоқда, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида.
Малака ошириш жараёнлари Малайзиянинг Куала-Лумпур, Перак, Пенанг, Лангкави ва бошқа ҳудудларида олиб борилди.
Қайд этиш жоизки, Young Scientists Uzbekistan @ UPS – Малайзиядаги йирик педагогика олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Университет асосан педагогика, таълим, илмий-тадқиқот ва ўқитувчилар тайёрлаш йўналишларига ихтисослашган. Сўнгги йилларда университет сунъий интеллект, рақамли таълим, экология ва инновацион тадқиқотлар йўналишларида халқаро ҳамкорликни кенгайтириб бормоқда.
Дастур доирасида атроф-муҳит муҳофазаси, иқлим ўзгариши, ерлар деградацияси ва тупроқ шўрланиши каби долзарб экологик масалалар ҳам муҳокама қилинмоқда.
Мутахассисларнинг халқаро малака ошириш дастурларида иштирок этиши келгусида миллий аграр илм-фанни ривожлантириш, инновацион тадқиқотларни кенгайтириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
М.ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА