Ўзбекистонлик кураш мутахассиси Эрон аёллар терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди
Эрон Ислом Республикаси Спорт вазирлиги ўзбекистонлик спорт мутахассиси кураш бўйича Эрон аёллар терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланганини эълон қилди.
Мазкур қарор Халқаро кураш ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон кураш федерацияси мутасаддилари ва Эрон спорт вазирлиги ўртасида олиб борилган музокаралар натижасида қабул қилинди.
Келишувга мувофиқ, ўзбекистонлик мураббий Умида Матёқубова Эрон аёллар терма жамоасини 2026 йилги ёзги Осиё ўйинлари якунига қадар бошқаради.

Шу муносабат билан Теҳронда ўтказилган матбуот анжуманида Эрон спорт вазири ўринбосари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган барча ҳамкорларга миннатдорлик билдирди. У Ўзбекистондан малакали мураббий жалб этилганини катта мамнуният билан эътироф этди.
Т.Рўзиев,
ЎзА