Футбол бўйича Элит Осиё чемпионлар лигасининг умумий босқич иккинчи тур учрашувларида ОФК томонидан ўзбекистонлик ҳакамлар фаолият олиб бориши белгиланди.
Жумладан, 1 октябрь куни бўлиб ўтадиган “Виссел Кобе” (Япония) — “Мелбурн Сити” (Австралия) жамоалари ўртасидаги ўйинда ҳамюртимиз Рустам Лутфуллин бошчилигидаги ўзбекистонлик ҳакамлар бригадаси ишлайди.

Элит Осиё чемпионлар лигаси доирасидаги “Ал Гарафа” (Қатар) — “Ал Шорта” (Ироқ) жамоалари ўртасидаги ўйинда эса Аҳрол Рисқуллаев VAR ҳаками сифатида ишлайди, унга Акобир Шукруллаев ассистентлик қилади.
Шунингдек, Аскер Нажафалиев Индонезия Суперлигаси тур учрашувларини бошқариш учун расмий таклиф олди. Маълум бўлишича, у “Арема” — “Персиб Бандунг” ҳамда “Бхаянгкара” — “Малут Юнайтед” жамоалари ўртасидаги баҳсларда бош ҳакам сифатида ишлайди.
Дарвоқе, ЎзФҲМ томонидан Ўзбекистон кубоги ярим финал ўйинларида фаолият олиб борувчи ҳакамлар номи ҳам аниқ бўлди. Аниқроғи, 25 сентябрь кун ўтадиган “Бухоро” — “Сўғдиёна” жамоалари тўқнашувини Аҳрол Рисқуллаев бошқаради. Унга қанотларда Тимур Гайнуллин ва Алишер Усмонов ёрдам беради.
“Пахтакор” — “Динамо” ўртасидаги учрашувда эса Достон Раҳмонов бош ҳакам сифатида фаолият олиб боради. Қанотларни Санжар Шоюсупов, Андрей Цапенко назорат қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА