Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг фермер ва тадбиркорлардан иборат делегацияси Эрон Ислом Республикасининг фан ва технологиялар бўйича вице-президенти таклифига асосан Теҳронда бўлиб ўтган “IRANLAB-2024» 11-халқаро кўргазмасида иштирок этди.
Кўргазмада делегация аъзолари Эроннинг юқори сифатли қишлоқ хўжалиги лаборатория ускуналари ва қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган кимёвий моддалари ва минерал ўғитлар билан яқиндан танишиб, маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишди.
450 дан ортиқ маҳаллий компаниялар қатнашган кўргазмада 10 мингдан зиёд маҳсулот тақдим этилди. Жумладан, умумий лаборатория жиҳозлари, нефть-кимё саноати, электр энергияси, электроника, дастурий таъминот, био-тиббиёт муҳандислиги ва биоматериаллар, механика ва металлургия, қишлоқ хўжалиги ва экология, стратегик технологиялар соҳасидаги машина ва ускуналар кўпчилик иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Делегация аъзолари Эрондаги қишлоқ хўжалигида ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқарувчи йирик компания “RAZI SHIMI” ташкилоти вакиллари билан икки томонлама музокаралар ўтказди.
Сўнгра йилига 2 миллион ўсимлик ишлаб чиқариш қувватига эга “Руеш Пайдар Алборз” оилавий ширкатида бўлиб, мевали кўчатлар етиштириш ва биотехнологик лабаратория асосида боғдорчилик маҳсулотларини кўпайтириш жараёнлари билан танишишди.
ITMCO (Эрон траcтор заводи) ва “Урганчкорммаш” акциядорлик жамияти билан Хоразм вилоятида қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатларини ишлаб чиқариш бўйича ижобий натижаларга эришилди.
Сафар давомида Исфаҳон картошка етиштирувчи ташкилоти “Partikan Bazr Gostar Co” билан ҳамкорликда Эрон картошка навларини Оҳангарон туманида синов тариқасида ўстириш, натижа яхши чиқса, кенг миқёсда етиштиришга келишиб олинди, дейилади Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши маълумотида.
Мулоқот чоғида икки давлат фермер ва тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик алоқалари ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Марҳабо МАДАМИНОВА, ЎзА