Кексаларимиз дуога қўл очганларида: “Тани соғлик, тинчлик-омонлик ҳамда фарзандларимизнинг бахту иқболи баланд бўлсин!”, дея ният қиладилар. Бу ўзбек халқининг энг тиниқ ва тоза тилакларидан биридир.
Киши саломат бўлса, тинчлик ва хотиржамликда яшаса, у элнинг корига ярайди, миллат, мамлакат тараққиёти учун хизмат қилади, фарзандларининг порлоқ келажаги йўлида бор куч-ғайратини сафарбар этади. Зеро, Истиқлол ҳаммамизга ана шундай улуғ неъматни инъом этган.
Бугун, ҳеч муболағасиз, юртимиздаги барча ота-оналар қатори давлатимиз раҳбари ҳам ўсиб-улғайиб, катта ҳаётга қадам ташлаётган ўғил-қизларимизнинг эртанги куни учун қайғурмоқда. Уларнинг жаҳонда ҳеч бир тенгдошларидан кам бўлмай камол топишлари учун барча имкониятларни ишга солмоқда.
Шу каби ҳаётий ҳақиқатлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ҳам ўз аксини топди.
Ҳақиқатан ҳам бугун ҳар бир юртдошимиз миллий истиқлолимиз нақадар буюк бахт эканини чуқур ҳис этмоқда. Мустақиллигимиз туфайли миллий давлатчилигимиз қайта тиклангани, Ўзбекистонимиз янги тарихий даврга қадам қўйгани, жаҳон ҳамжамияти эса Ўзбекистон томон интилаётгани ва энг муҳими, Президентимизнинг глобал ташаббуслари яқиндан қўллаб-қувватланаётганини ўз кўзлари билан кўришмоқда. Албатта, булар барчамизга алоҳида ғурур бағишлайди.
Дарвоқе, қисқа фурсат ичида Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида улкан қадамлар ташланди. Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг руҳи ва мазмунига «Инсон қадри учун, эл-юрт бахти учун!» деган эзгу ғоя чуқур кириб бормоқда. Айниқса, таълим тизимида катта ўзгаришлар рўй берди. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Янги Ўзбекистоннинг энг асосий бешта устувор йўналишларидан биринчиси сифатли таълим тизимини йўлга қўйиш эканлигига алоҳида урғу қаратилиши ҳам бежиз эмас. Негаки, барча муаммоларимизнинг ечими, саволларимизнинг жавоби фақат ва фақат таълимда. Таълим ва тарбия эса ҳамма эшикларни очадиган калитдир.
Инсон ҳамиша энг эзгу амалларини фарзандларига илинтириб, топган-тутганини уларнинг бахту камолоти учун сарфлаб келади. Янги Ўзбекистонимизда ҳам болаларимизнинг эртанги ёруғ келажаги учун кенг ғамхўрлик кўрсатилмоқда, катта сармоялар киритилмоқда.
Сўнгги йилларда узлуксиз таълим тизими тубдан янгиланди. Натижада соҳада таълим сифати юксалди. Мактабларимизда фарзандларимизга она тили ва адабиёти фанини чуқур ўргатишга, қолаверса, уларнинг чет тилларини ўзлаштиришларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун соҳада хорижий мутахассислар ҳам жалб этилмоқда.
Олий ўқув юртларида қабул квоталари оширилди, хорижий ОТМлар ҳамда хусусий сектор иштирокидаги янги институт ва университетлар фаолиятига кенг имкониятлар яратилди. Бу эса Ўзбекистон йирик таълим марказига айланиб бораётганидан далолат беради. Энг муҳими, ёшларимиз жаҳоннинг етакчи хорижий университетларида таҳсил олиб, тажриба орттириб, юртимиз равнақи йўлида хизмат қилишга бел боғлаганлар.
Абдулла Авлоний бобомиз: “Таълим-тарбия — биз учун ё ҳаёт, ё мамот”, дея одамларни илм эгаллашга чорлаган. Ушбу даъват бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Айниқса, ҳозирги глобаллашув шароитида яшаб қолиш, тараққий этиш учун энг биринчи навбатда пухта билим зарур. Давлатимиз раҳбари Шарқ донишмандлари ҳикматини таъкидлаб айтганидек, энг катта бойлик — бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос — бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик — бу билимсизликдир! Бу — ҳамма замонларнинг шиори. Шунинг учун ҳар бир ёш ўқиши, илм эгаллаши лозим.
Кечаги маросимда Президентимиз: “Ўғил бола ўқиса, бир киши саводли бўлади. Қиз бола ўқиса, бутун оила, бутун жамият билимли бўлади”, деган ҳикматли фикрни айтиб ўтдилар. Ҳақиқатан ҳам бугун давлатимиз раҳбарининг яқиндан қўллаб-қувватлаши туфайли юртимиз ёшлари ўзлари истаган энг замонавий олийгоҳларда таълим олишмоқда. Кўплаб ўғил-қизларимиз дунёнинг нуфузли университетларида билим ва маҳоратларини намойиш этиб келишяпти. Эътибор берсак, уларнинг аксарияти қиз болалардир.
Шу маънода, бугун бутун жамиятимиз, ўзбек халқи илм эгаллашдек эзгу амалнинг бошини тутган. Демак, маррани баланд олиб, ўз кучимиз, қатъият ва салоҳиятимизга ишониш, дунёни лол қолдириш, аждодларимиздан мерос қолган буюклик хислатини кенг оламга намойиш қилиш вақти келди.
Ҳа, бугун ҳаётнинг ўзи ақлу идрокимизни, кучимизни ишга солиб, жонажон Ватанимиз, эркин ва озод жамиятимизни янада обод ва фаровон этишимизни талаб этмоқда. Зеро, бунинг учун ҳар қанча меҳнат қилсак, ўқисак, излансак ва борлиғимизни бахш этсак арзийди.
Санжар ШОҚЎЧҚОРОВ,
Тошкент давлат техника университети
Регистратор офиси бошлиғи