Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан Тошкент шаҳридаги Ўрикзор бозорида сотилаётган Хитойда ишлаб чиқарилган MOZER бренди остидаги соч қуритиш мосламаси (фен) маҳсулотига нисбатан назорат хариди ўтказилди.
Лаборатория текширувлари натижасида маҳсулотнинг белгиланган стандарт талабларига мос келмаслиги аниқланди.
Жумладан, мазкур фирма соч қуритгичлари ток ўтказгичдан оқим ўтганда сезиларли даражада қизиб кетиши, изоляция ҳаддан ташқари қизиб кетиши ҳамда ёниш ва ёнғинга сабаб бўлиши мумкинлиги сабаб ускунанинг хизмат муддати қисқариши кузатилди.

Шунингдек, Хитойда ишлаб чиқарилган FABOL’AI бренди остидаги 800 миллиграмм ҳажмдаги ювиниш гели маҳсулоти бўйича ҳам назорат хариди ўтказилди.
Маҳсулотдан олинган намуна лабораторияда текширилиб, унинг стандарт талабларига мос келмаслиги аниқланган.
Мазкур ювиниш гелининг салбий оқибатлари шундаки, терининг қичиши, қизариши ёки аллергик реакциялари, тери тўқималарининг яллиғланиши, нафас йўлларига салбий таъсир кўрсатиши, терининг табиий мувозанатини бузиши, бу эса бактериал ёки замбуруғли касалликларга олиб келиши мумкинлиги аниқланди.

Шунингдек, Навоий шаҳридаги савдо дўконида сотилаётган Хитой давлатида ишлаб чиқарилган “Soldering IRON” ва “Epica STAR” русумли электр сиғимли дазмол маҳсулотларига ҳам назорат хариди ўтказилди.
Натижалар шуни кўрсатдики, маҳсулот стандарт талабига мос эмаслиги, ишлатилиши жараёнида истеъмолчилар ҳаётига хавф туғдириши мумкинлиги аниқланди.
Назорат инспекцияси мутахассислари истеъмолчиларга бундай маҳсулотларни сотиб олаётганда уларнинг сертификатлари ва хавфсизлик белгиларига эътибор қаратишни, сифати шубҳали асбоб-ускуналардан фойдаланмасликни тавсия этмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА