Ўзбекистонга етти ойда қарийб 124 миллион долларлик шоколад импорт қилинди
Ширинликнинг фойда ва зарарли хусусиятлари қандай?
Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–июль ойларида Ўзбекистонга 46 та давлатдан қиймати 123,7 миллион АҚШ долларига тенг бўлган қарийб 28,5 минг тонна шоколад маҳсулотлари импорт қилинган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 минг тоннага ёки 6 фоизга ошган. Жорий йилнинг етти ойида республикамизга энг кўп шоколад етказиб берган асосий давлатлар қаторида Россия (19,5 минг тонна), Украина (2,2 минг тонна), Қозоғистон (914 тонна), Беларусь (805,2 тонна), Литва (746,2 тонна), Туркманистон (715,2 тонна) ва Туркия (569,5 тонна) каби давлатлар пешқадамлик қилган бўлса, қолган 3 минг тоннаси бошқа давлатлар ҳиссасига тўғри келган.
Мамлакатимизга импорт қилинаётган бундай севимли ширинликнинг инсон саломатлигига ҳам ижобий, ҳам салбий таъсирлари мавжуд бўлиб, унинг фойдали томонлари қаторига кайфиятни кўтарувчи эндорфин ва серотонин ишлаб чиқарилишини рағбатлантириши, таркибидаги антиоксидантлар ҳисобига юрак-қон томир тизими фаолиятини яхшилаб, мия фаолиятини фаоллаштириши киради. Шу билан бирга, шоколад юқори калорияли маҳсулот ҳисоблангани боис уни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш ортиқча вазн тўпланишига, таркибидаги шакар миқдори эса тиш саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб, кариес ёки қандли диабет хавфини ошириши мумкинлиги сабабли, шифокорлар ҳар доим истеъмолда чегара ва меъёрга амал қилишни тавсия этади.
М.Қосимова, ЎзА