Ўзбекистонга 9 ойда 10,3 миллион нафардан зиёд турист ташриф буюрди
Мамлакатимизга хориждан келаётган сайёҳлар оқими ўсишда давом этмоқда. 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида мамлакатимизга туристик мақсадларда 10,3 миллион нафардан зиёд чет эл фуқароси ташриф буюрди.
Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 миллион нафарга ёки 20,4 фоизга кўпдир.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида Ўзбекистонга жами 10 306 786 нафар чет эл фуқароси туристик мақсадларда келган.
Ўзбекистонга энг кўп сайёҳ қайси давлатлардан келган?
Туристлар оқими бўйича қўшни давлатлар етакчилик қилмоқда. 2026 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга энг кўп ташриф буюрган хорижий фуқаролар қуйидаги давлатлар ҳиссасига тўғри келади:
1. Қирғиз Республикаси — 2 844 201 нафар;
2. Қозоғистон — 2 404 638 нафар;
3. Тожикистон — 2 274 288 нафар;
4. Россия — 983 407 нафар;
5. Афғонистон — 380 190 нафар;
6. Хитой — 373 778 нафар;
7. Туркманистон — 256 546 нафар;
8. Туркия — 148 772 нафар;
9. Ҳиндистон — 53 778 нафар;
10. Германия — 42 973 нафар.
Келтирилган рақамлар Ўзбекистонга туристик мақсадларда келаётган хорижий фуқаролар сони ортиб бораётганини кўрсатади. Айниқса, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон ва Тожикистондан келганлар умумий кўрсаткичнинг салмоқли қисмини ташкил этмоқда.
Туристлар оқимининг ўсиши мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини намоён этиш, миллий маданий меросни халқаро миқёсда тарғиб қилиш ва туризм билан боғлиқ хизматлар бозорини ривожлантириш учун муҳим аҳамиятга эга.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА