Ўзбекистонга 2026 йил учун қўшимча 6 минг халқаро автомобиль юк ташув рухсатномаси ажратилади
Рига шаҳрида Ўзбекистон ва Латвия транспорт вазирликлари ўртасида Халқаро автомобиль юк ташувлари бўйича Қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон делегациясига Транспорт вазирлигининг Халқаро транспортни таҳлил қилиш департаменти бошлиғи Мирносир Юсупов, Латвия делегациясига эса Автомобиль транспорти дирекцияси бошқаруви раиси Таливалдис Вектиранс бошчилик қилди.
Мулоқот чоғида томонлар икки мамлакат ўртасидаги транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
Хусусан, ўзаро транзит юк ташувлари ҳажмини ошириш, ташувчилар учун қулай шароитлар яратиш, логистика занжирлари самарадорлигини ошириш ҳамда Европа йўналишидаги юк оқимларини диверсификация қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Транспорт вазирлиги ахборот беришича, Ўзбекистон миллий ташувчилари учун қўшимча рухсатнома бланкалари ажратилиши бўйича келишувга эришилди. Ушбу рухсатномалар 2026 йил 10 августга қадар тайёрланиб, халқаро ташувчиларга тақдим этилади.

Шунингдек, томонлар 2027 йил учун рухсатнома бланкалари квотасини икки баробар ошириш бўйича ҳам келишиб олди. Бу эса миллий ташувчиларнинг Латвия ва Европа Иттифоқи давлатлари йўналишидаги халқаро юк ташувлари имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Учрашув якунида томонлар халқаро автомобиль транспорти соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, соҳани рақамлаштириш ишларини изчил давом эттириш ва ўзаро конструктив мулоқотни сақлаб қолишга тайёр эканлигини тасдиқлади.
Б.Худойбердиев, ЎзА