Эҳтиёж ва юмушлар инсонларни турли давлатларга саёҳат қилишга ундайди. Йилдан-йилга юртимизга хорижликларнинг ташриф буюриши ортиб бормоқда. Хусусан, саёҳат, хизмат, даволаниш ва тижорат йўналишларида келувчилар учун кенг имкониятлар яратилган.
Статистик маълумотларга кўра, 2023 йилда Ўзбекистонга 6,6 миллион нафар чет эл фуқароси туристик мақсадларда ташриф буюрган.
Улардан 5,6 миллиони қариндошларини йўқлаш, 773,2 мингги дам олиш ҳамда 143,5 минг нафари хизмат сафарлари билан келган.
Шунингдек, 70,4 минг хорижлик тижорат қилиш учун ташриф буюрган. 61,3 минг киши даволаниш мақсадида ҳудудларимизда бўлган. Маълумотларга кўра, таълим олиш учун келганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Хусусан, ўтган йили 16,8 минг нафар хорижлик билим олувчилар юртимизда таҳсил олишни афзал кўрган.
Марҳабо МАДАМИНОВА, ЎзА