Пойтахтимиздаги Марказий Осиё маҳсулотлар кўргазмаси ва савдо марказида Ўзбекистон – Хитой маиший маҳсулотлари кўргазмаси очилди.
Мамлакатимиз Экспортчилар уюшмаси ҳамда Хитойнинг “CusGroup” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир икки томон тадбиркорлари ва ишлаб чиқарувчилари учун ўз маҳсулотларини кенг намойиш этиш, ташқи бозорга чиқиш имконини оширишга ёрдам беради.
Анжуман қишлоқ хўжалиги ва қоғоз ишлаб чиқариш ускуналари, болалар кийимлари тўплами, ўйинчоқлар, косметика, куз-қиш мавсуми учун кийим, кон тебраниш экрани, электрон конференция алоқа воситалари, боғ машиналари, автомобиль эҳтиёт қисмлари, қуёш энергияси жиҳозлари ва бошқа ишлаб чиқариш маҳсулотлари намойишини қамраб олган.
Кўргазма очилишида қайт этилганидек, мамлакатимизда юз бераётган иқтисодий ўзгаришлар хорижий давлатлар билан савдо алоқаси жадал ўсишига хизмат қилмоқда. Хусусан, мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш бўйича қабул қилинган кўплаб ҳужжатлар маҳаллий компанияларга ташқи бозорга чиқиш, тажриба орттириш учун кенг имконият яратмоқда. Пировардида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз жаҳон савдосида рақобатдош тажрибага эга бўляпти.
[gallery-15164]
Қайд этиш керак, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида экспорт-импорт сезиларли даражада ўсган. Ўзаро савдо-сотиқ қиймати 2017 йил 4,8 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2022 йил охирига келиб 8,9 миллиард долларга етган. Экспорт 23,4 фоиз, импорт эса 134,7 фоиз ўсган.
– Мунтазам ташкил этилаётган кўргазмаларда иштирок этиб ўз маҳсулотларини намойиш қилган кўплаб хитойлик тадбиркорлар ўзбекистонлик ишбилармонлар билан қўшма корхона очишга келишиб олди, – дейди Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси раиси Ёрқин Маликов. – Эътиборлиси, ҳамкорларимиз юртимизда тадбиркорлар ва инвесторларга яратиб берилаётган имкониятлар, қулайликларни ўрганиб, шу ерда фаолиятини йўлга қўйиш ниятини билдиришяпти.
Бугунги кунда Хитойдан Ўзбекистонга келиб, ўз фаолиятини кенгайтирган компаниялар сони 1800 дан ошди.
Уч кун давом этадиган анжуман доирасида тадбиркорлар иштирокида B2B учрашувлари ҳам ўтказилади.
Гўзал Сатторова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА