Ўзбекистондаги бола ҳуқуқлари кафолатлари Вена конференциясида тақдим этилди
Австриянинг Вена шаҳрида ЕХҲТ томонидан Одам савдосига қарши Альянснинг "Мажбурий жалб қилиш шаклидаги жиноятчиликнинг ўсиб бориши: хавфсизлик тизимидаги мавжуд заиф нуқталарни бартараф этиш" мавзусидаги халқаро конференцияси ўтказилаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Анжуманда глобал ва жамоат хавфсизлигига таҳдид солаётган жиноятчиликка жалб қилиш хавфлари муҳокама қилинди.
Жабрланувчилар – кўп ҳолларда болалар, айниқса, заиф ҳолатдаги шахслар саналиб, жабр кўрган шахс сифатида эмас, балки жиноятчи сифатида баҳоланади. Бу эса уюшган жиноий гуруҳларга жазосиз фаолият юритиш имконини беради.

Мазкур нуфузли анжуманда Ўзбекистон Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова сўзга чиқиб, мамлакатимизда болалар ҳуқуқлари ҳимояси қандай таъминланаётгани ҳақида халқаро жамоатчиликка маълумот берди.
Ўзбекистонда болаларнинг заиф ҳолатидан фойдаланган тарзда уларни жиноий фаолиятга жалб этишнинг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўрилаётгани қайд этилди.

Хусусан, гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича Миллий стратегия қабул қилинган. Стратегия доирасида вояга етмаганни кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишга жалб этиш, болани жалб этиб содир этилган ҳар қандай наркожиноят оғир жиноят сифатида эътироф этилади.
Шунингдек, болалар порнографиясини тарқатиш учун жиноий жавобгарлик жорий этилган. Вояга етмаганга нисбатан содир этилган оғир жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланаётгани тўғрисида алоҳида тўхталди.
Конференцияда 57 та ЕХҲТ иштирокчи-давлатлари ва Альянс ҳамкорлари бўлган йирик халқаро ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, шунингдек, фуқаролик жамияти вакиллари, экспертлар, соҳа мутахассислари болалар ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ илғор тажрибаларга алоҳида эътибор қаратди.
Н.Абдураимова,
ЎзА