Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан 20 та бино модернизм даври объекти мақомини олди ва миллий маданий мерос объектлари рўйхатига киритилди.
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 22 апрелда “Моддий маданий мерос объектларининг миллий рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.


Ҳужжат Ўзбекистон халқининг миллий бойлиги ҳисобланган модернизм даври моддий маданий меросини муҳофаза қилиш, асраб-авайлаш ва улардан фойдаланиш устидан давлат назоратини амалга ошириш, ёдгорликларни тизимлаштириш, рўйхатини тузиш, тарихийлигини сақлаш ҳамда аҳамиятини оширишни мақсад қилган.
Биринчи босқичда Давлат санъат музейи, “Ўзбекистон” ва “Шодлик” меҳмонхоналари, “Космонавтлар” метро бекати, Авиация ишлаб чиқарувчилар саройи каби 10 та янги объект рўйхатга киритилди, 10 объектнинг мақоми ўзгартирилди. Қуёш институти, Тошкент давлат цирки, Тошкент телеминораси, “Халқлар дўстлиги” саройи, Алишер Навоий номидаги санъат саройи, “Туркистон” концерт зали ва унинг ёзги майдони каби яна қатор ҳудудлар рўйхатдан ўрин олди.


Жамғарма, шунингдек, юқорида қайд этилган модернизм услубидаги биноларни ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш учун номзоднома тайёрлаяпти.
Бундан ташқари, мазкур қарор асосида Маданий мерос агентлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда модернизм даври объектларини белгиланган тартибда давлат кадастрига киритиш чораларини ишлаб чиқади.

Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА