Ўзбекистонда жисмоний шахслар учун ягона божхона тўлови 30 фоиздан 20 фоизгача пасайтирилади
Келаси йилдан жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларда олиб кириладиган товарлар учун ягона божхона тўлови миқдори камайтирилади. Шунингдек, ташқи савдо операцияларидаги айрим талаблар бекор қилиниб, тадбиркорлар учун божхона жараёнлари соддалаштирилади.
Президентимизнинг 2026 йил 27 августдаги “Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш ва божхона маъмурчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан божхона соҳасида бир қатор муҳим ўзгаришлар белгиланди.
Амалда жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларда божхона чегараси орқали қўл юки ва кузатиб борилаётган багажда олиб кириладиган товарлар учун ягона божхона тўлови товарнинг божхона қийматидан 30 фоиз, бироқ ҳар бир килограмм учун 3 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда ундирилмоқда.
Янги тартибга кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб мазкур ставка пасайтирилади. Ягона божхона тўлови товарнинг божхона қийматидан 20 фоиз, лекин ҳар бир килограмм учун 2 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади. Масалан, товарнинг божхона қиймати 500 доллар бўлса, 20 фоизлик ставка бўйича ҳисобланган тўлов 100 долларни ташкил этади. Бироқ товар оғирлиги бўйича ҳисобланган миқдор 100 доллардан юқори бўлса, айнан шу миқдор қўлланади. Демак, божхона тўлови товарнинг ҳам қиймати, ҳам оғирлиги ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.
Бу ўзгариш, аввало, хориждан шахсий эҳтиёж учун товар олиб кирувчи фуқаролар учун молиявий юкни камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Божхона йиғимлари ҳам енгиллаштирилади. Фармонда фуқаролар учун яна бир муҳим енгиллик назарда тутилган. 2027 йил 1 июндан бошлаб, жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларда олиб ўтиладиган товарлар бўйича ҳисобланган ягона божхона тўлови тўланиши лозим бўлган божхона йиғимлари миқдоридан кам бўлса, ушбу йиғимлар ундирилмайди.
Яъни фуқаролардан бир товар учун бир нечта турдаги тўловларни ундиришда ортиқча молиявий юк юзага келишига йўл қўйилмайди. Тадбиркорлар учун ташқи савдо жараёнлари соддалаштирилади. Божхона соҳасидаги янгиликлар фақат жисмоний шахсларга тегишли эмас. Фармон билан ташқи савдо операцияларини амалга ошираётган тадбиркорлар учун ҳам бир қатор талаблар бекор қилинмоқда. 2026 йил 1 сентябрдан ташқи савдо шартномасини тузмасдан, инвойс асосида импорт қилишда хорижий ҳамкорга олдиндан тўлов ўтказиш бўйича мавжуд чеклов бекор қилинади.
Шунингдек, инвойс асосида экспорт қилишда олдиндан 50 фоиз тушумни таъминлаш талаби ҳам бекор қилинади. Товарларни миллий валютада экспорт қилишда олдиндан тўловни таъминлаш ёки аккредитив, банк кафолати, суғурта полиси каби тўловнинг кафолатли шаклларини тақдим этиш мажбуриятидан ҳам воз кечилади. Бу чоралар ташқи савдо иштирокчиларининг валюта ва молиявий операцияларини эркинроқ амалга ошириш, экспорт-импорт жараёнларида ортиқча бюрократик талабларни қисқартиришга қаратилган.
Янги тартибга кўра, озиқ-овқат маҳсулотларини синовдан ўтказиш учун маҳсулот намунаси етарли бўлмаган ҳолларда санитария-эпидемиологик хулоса расмийлаштириш талаби ҳам бекор қилинади. Бундан ташқари, божхона расмийлаштируви вақтида биологик активлар ва янги кимёвий моддалар, озиқ-овқат қўшимчалари, полимер ҳамда парфюмерия-косметика маҳсулотларини олиб киришда айрим рухсатномаларни тақдим этиш талаби бекор қилинади.
Дори воситалари ва тиббий жиҳозларни олиб киришда улар давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномани тақдим этиш талаби ҳам бекор қилинади.
Умуман, мазкур ўзгаришлар божхона маъмурчилигини соддалаштириш, ташқи савдо операцияларини тезлаштириш ва тадбиркорлар ҳамда фуқаролар учун ортиқча бюрократик тўсиқларни камайтиришга қаратилган. Айниқса, 2027 йилдан ягона божхона тўлови ставкасининг 30 фоиздан 20 фоизга пасайтирилиши хориждан шахсий эҳтиёж учун товар олиб кирувчи аҳоли учун сезиларли енгиллик бўлиши мумкин. Шу билан бирга, ташқи савдо операцияларидаги айрим молиявий кафолат ва рухсатнома талабларининг бекор қилиниши тадбиркорлик субъектларига вақт ва маблағни тежаш, экспорт-импорт жараёнларини янада эркин ва шаффоф ташкил этиш имконини беради.
Шундай қилиб, янги чоралар божхона соҳасида “кўпроқ назорат — кўпроқ ҳужжат” тамойилидан замонавий, рақамлаштирилган ва хавфларни бошқаришга асосланган ёндашувга босқичма-босқич ўтишни назарда тутади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА