Ўзбекистонда ЙТҲ: 5 мингдан ортиқ жабрланганлар, сабаб – эътиборсизлик
Йўллардаги бир лаҳзалик хато минглаб ҳаётларни ўзгартирмоқда. Ўзбекистонда автоҳалокатлар сони ортиб, бу муаммо бутун жамиятдан масъулият талаб қилмоқда.
Йўлда юрган йўловчиларнинг манзили турли бўлар, аммо мақсад битта: соғ-саломат етиб бориш. Афсуски, йўл ҳар доим ҳам кутилган манзилга олиб бормайди. Баъзан бир лаҳзалик эътиборсизлик, бир неча сониялик шошқалоқлик ёки нотўғри қабул қилинган қарор бутун бир оиланинг ҳаётини зулматга буркаб қўйиши мумкин.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистонда 3 минг 391 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. ЙТҲлар оқибатида 5 минг 581 нафар киши жабр кўрган. Энг кўп йўл-транспорт ҳодисаси Самарқанд вилоятида — 471 та, энг ками эса Сирдарё вилоятида — 77 та қайд этилган.
Содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари сабабларига кўра, кўпинча ҳайдовчининг тезликни ошириши, қоидаларга риоя қилмаслиги ёки эътиборсизлиги биринчи ўринга чиқади. Бу бежиз эмас. Чунки автомобиль бошқарувидаги инсоннинг ҳар бир қарори ва хатти-ҳаракати нафақат ўз ҳаёти, балки йўлдаги бошқа одамлар тақдирига ҳам таъсир қилади. Белгиланган тезлик меъёрини менсимаслик, хавфли қувиб ўтиш, масофа сақламаслик, йўл чироқнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмаслик, телефонга чалғиш — буларнинг ҳар бири оғир оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Айниқса, автомобиль бошқарувида телефондан фойдаланиш ҳайдовчининг диққатини бир неча сонияга йўлдан узади. Аммо ана шу сониянинг ўзи пиёдани кўрмай қолиш ёки олдиндаги транспорт воситасига урилиш учун етарли бўлиши мумкин.
Йўл маданияти инсон ҳаётига бўлган муносабат, аслида. Бугун мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлиги чораларини кучайтириш мақсадида амалга оширилаётган чоралар талайгина. Аммо автоҳалокатларни камайтириш учун фақат янги қоидалар, жарималар ёки техник воситаларнинг ўзи кифоя қилмайди. Ҳайдовчи, пиёда, йўлни лойиҳаловчи мутахассис, назорат органи ва тиббиёт ходими — ҳар бир бўғин ўз вазифасини масъулият билан бажариши керак.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА