Ўзбекистонда йўл ва кўприклар таъмири кенг кўламда давом этмоқда
Равон йўл ҳар бир ҳайдовчининг истаги, пиёданинг эҳтиёжидир. Шу боис йўлларни таъмирлаш ва янгилаш ҳамиша долзарб. Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева соҳада амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумотларни тақдим этди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, бугун мамлакатнинг олис ҳудудларида ҳам йўллар таъмири борасида олиб борилаётган ишлар кўлами катта.
Хусусан, “Ўзйўлкўприк” кластери Қорақалпоғистон Республикаси филиали ходимлари томонидан ҳудуддан ўтувчи автомобиль йўллари ва кўприкларни сақлаш, таъмирлаш ҳамда куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. А380 “Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнеу” автомобиль йўлининг 689–736-километрлари оралиғида, D232 “Нукус шаҳри — Хўжайли шаҳри” ҳамда D231 “Қўнғирот шаҳри — Мўйноқ шаҳри” автомобиль йўлларида бу жараёнлар янада изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Бунинг натижасида кўприклар, йўл ўтказгичлар ҳамда автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлиги таъминланиб, йўл-транспорт ҳодисаларининг олди олинади. Ушбу лойиҳа автомобиль йўлининг транспорт-эксплуатация ҳолатини яхшилаш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда йўл инфратузилмасини замонавий талаблар асосида ривожлантиришга қаратилган. Бундан ташқари, Гурлан туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси тасарруфидаги D217 автомобиль йўлининг 41–42-километрлари оралиғида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур ишлар автомобиль йўлининг техник ҳолатини яхшилаш, транспорт воситаларининг хавфсиз ва қулай ҳаракатланишини таъминлашга хизмат қилиши кўзда тутилган.

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан хизмат кўрсатиб келинаётган давлат аҳамиятидаги D161 “Дарбанд — Бойсун — Элайон” автомобиль йўлининг 3-километрида нуқсонлар қайдномасига асосан майда заррали иссиқ асфальт-бетон қоришмаси ёрдамида йўл қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Навоий вилоятидаги D194 автомобиль йўлида Автомобиль йўлларининг техник ҳолатини таҳлил қилиш, баҳолаш ва рақамлаштириш бўлими мутахассислари томонидан йўлнинг техник ҳолатини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш жараёнида “Toyota Hilux” русумли махсус транспорт воситаси ёрдамида автомобиль йўлининг техник кўрсаткичлари ўлчанмоқда. Олинган маълумотлар асосида йўлнинг техник ҳолати таҳлил қилиниб, аниқланган нуқсонлар юзасидан далолатнома расмийлаштирилади ҳамда тегишли хулосалар тайёрланади.
Конимех тумани Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларини таъмирлаш ва уларнинг ҳолатини яхшилаш ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, D208 (4Р270) — “D191 автомобиль йўли (162-километрдан) — Баймурот қишлоғи — Қўшқудуқ қишлоғи — Дарбаза қишлоғи — Қандибой қишлоғи — Чордара сув омбори” автомобиль йўлида асфальт-бетон қопламасини ётқизиш ишлари олиб борилмоқда. “Ўзйўлкўприк” кластери Навоий вилояти филиали давлат муассасаси томонидан халқаро аҳамиятга эга бўлган M37 “Самарқанд — Бухоро — Туркманбоши” автомобиль йўлида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Фарғона вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармаси тасарруфидаги Фурқат тумани Йўллардан фойдаланиш давлат муассасасига қарашли 40V070 “Ислом қишлоғи — Ҳайит қишлоғи — Қўқонбой қишлоғи” автомобиль йўлининг 18–19-километрлари оралиғида, “Ҳайит” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида таъмирлаш, сақлаш ҳамда аниқланган нуқсонларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари M34 “Тошкент — Душанбе” автомобиль йўлининг 73–74-километрлари оралиғида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши ва ёғингарчиликлар кузатилиши муносабати билан республикамиз ҳудудидаги барча кўприклар, йўл ўтказгичлар ҳамда автомобиль йўлларида қишки сақлаш ва парваришлаш ишлари кучайтирилган тартибда амалга оширилмоқда.
Хусусан, M39 “Алмати — Бишкек — Тошкент — Шаҳрисабз — Термиз” автомобиль йўлининг Жиззах вилояти ҳудудидан ўтувчи, музлама ҳосил бўлиш эҳтимоли юқори бўлган 1000–1001-километрлари оралиғида ташкил этилган махсус омборларда “Ўзйўлкўприк” кластери Жиззах филиали ДМ томонидан қум-туз аралашмаси захирасини янада кўпайтириш ишлари олиб борилмоқда. M39 “Алмати — Бишкек — Тошкент — Шаҳрисабз — Термиз” автомобиль йўлининг 955–956-километрлари оралиғида йўлларни чиқиндилардан тозалаш ҳамда сув қочириш ишлари амалга оширилмоқда.

Ҳудудларда таъмирлаш ишлари давом эттирилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА