Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт ҳажми 80 триллион сўмни ташкил этди
Иқтисодиётда расмий статистикадан ташқарида қолаётган фаолият ҳажмининг катталиги мамлакатдаги бизнес муҳити, бандлик ва солиқ базасини кенгайтириш масалаларини яна бир бор кун тартибига чиқармоқда.
Иқтисодиётнинг ҳақиқий кўламини баҳолашда фақат расмий ҳисоботлар билан чекланиб қолиш етарли эмас. Аҳолининг уй хўжалигидаги ишлаб чиқариш фаолияти, ўзини ўзи банд қилиш, айрим хизматлар, норасмий меҳнат муносабатлари ва яширин иқтисодий операциялар ҳам мамлакатда яратилаётган қўшилган қийматнинг бир қисмини шакллантиради.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистонда кузатилмайдиган иқтисодиётнинг ялпи қўшилган қиймати 245,5 триллион сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ялпи ички маҳсулотнинг 22,9 фоизига тенг.
Бошқача айтганда, мамлакат иқтисодиётида яратилган ҳар 100 сўмлик қўшилган қийматнинг қарийб 23 сўми кузатилмайдиган иқтисодиёт ҳисобига тўғри келган. Кузатилмайдиган иқтисодиёт таркибини таҳлил қилганда муҳим жиҳат кўзга ташланади. Унинг катта қисми бевосита яширин иқтисодиёт эмас. Жумладан, январь–июнь ойларида уй хўжаликлари ва жисмоний шахслар фаолияти 165,5 триллион сўмни ташкил этган. Бу ЯИМнинг 15,4 фоизига тенг.
Яширин иқтисодиёт ҳажми эса 80 триллион сўм бўлиб, унинг ЯИМдаги улуши 7,5 фоизни ташкил этган. Демак, кузатилмайдиган иқтисодиётнинг қарийб учдан икки қисми уй хўжаликлари ва жисмоний шахслар фаолияти ҳисобига шаклланган. Бу эса иқтисодий фаолликнинг катта қисми кичик, тарқоқ ва баъзан расмий ҳисобга тўлиқ киритилмайдиган субъектлар ҳисобига амалга оширилаётганини англатади.
Кузатилмайдиган иқтисодиёт таркибидаги фаолият турлари бўйича кўрсаткичлар ҳам эътиборга молик. Уй хўжаликлари ва жисмоний шахслар фаолияти ҳамда яширин иқтисодиёт ҳажми таркибида, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги — 60,5 фоиз, хизматлар соҳаси 23 фоиз, қурилиш 17,8 фоиз, саноат 6,7 фоизни ташкил этади.
Энг юқори улушнинг қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигига тўғри келиши бежиз эмас. Қишлоқ жойларда аҳоли томорқа хўжалиги, чорвачилик, паррандачилик, деҳқончилик ва бошқа фаолият турлари орқали даромад олади. Бундай фаолиятнинг муайян қисми бозор муносабатларига киришса-да, унинг иқтисодий натижалари расмий статистикада тўлиқ акс этмаслиги мумкин. Бу ҳолатни фақат «яширин иқтисодиёт» сифатида баҳолаш ҳам тўғри эмас. Чунки уй хўжаликларининг шахсий истеъмол учун маҳсулот етиштириши ёки кичик ҳажмдаги фаолияти билан қасддан даромадни яшириш ўртасида катта фарқ бор.
Кузатилмайдиган иқтисодиётда хизматлар соҳасининг 23 фоизлик улуши ҳам алоҳида таҳлилни талаб қилади. Бугунги кунда маиший хизмат, таълим, таъмирлаш, ташиш, курьерлик, рақамли хизматлар, умумий овқатланиш ва бошқа йўналишларда минглаб фуқаролар даромад топмоқда. Айрим ҳолларда бундай фаолиятнинг расмийлашмагани солиқ юкидан қочиш истаги билан боғлиқ бўлса, бошқа ҳолларда фуқароларнинг рўйхатдан ўтиш, ҳисоб юритиш ёки қонуний ишлаш механизмларидан етарлича хабардор эмаслиги сабаб бўлиши мумкин.
Шу нуқтаи назардан, иқтисодиётни расмийлаштиришнинг энг самарали йўли фақат назоратни кучайтириш эмас. Бизнесни қонуний ишлашга қизиқтирадиган содда солиқ механизмлари, рақамли хизматлар, енгил рўйхатдан ўтиш тартиблари ва қулай молиявий инфратузилма ҳам муҳим аҳамиятга эга. Қурилиш соҳасининг 17,8 фоизлик улуши эса меҳнат муносабатларини расмийлаштириш нуқтаи назаридан муҳим.
Қурилишда мавсумий ва вақтинчалик ишчилар, кичик пудратчилар, усталар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар кўп. Уларнинг барчасини расмий иқтисодий муносабатларга жалб қилиш меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий суғурта қамровини кенгайтириш ва бюджет даромадларини ошириш имконини беради. Шу билан бирга, бу жараёнда кичик бизнес учун маъмурий ва молиявий юкни ҳаддан ташқари ошириб юбормаслик муҳим. Акс ҳолда, расмийлаштириш ўрнига норасмий фаолиятга қизиқиш сақланиб қолиши мумкин.
Яширин иқтисодиётнинг 80 триллион сўмлик ҳажми иқтисодиёт учун жиддий кўрсаткич. Агар ушбу фаолиятнинг муайян қисми қонуний иқтисодий майдонга олиб кирилса, бу нафақат солиқ тушумларини оширади, балки иқтисодий статистиканинг аниқлигини ҳам яхшилайди. Расмийлаштирилган бизнес банк хизматларидан фойдаланиш, кредит олиш, инвестиция жалб қилиш, ходимларни расмий ишга қабул қилиш ва бозорда барқарор фаолият юритиш имкониятига эга бўлади. Шу сабабли яширин иқтисодиётни қисқартиришни фақат бюджетга қўшимча солиқ тушуми сифатида эмас, балки иқтисодиётнинг институционал сифатини ошириш жараёни сифатида баҳолаш лозим.
245,5 триллион сўмлик кўрсаткич иқтисодиётда катта «ички захира» мавжудлигини кўрсатмоқда. Бироқ бу захирани иқтисодиётнинг расмий қисмига айлантириш осон жараён эмас. Бунинг учун бир нечта йўналиш муҳим, кичик бизнес ва ўзини ўзи банд қилганлар учун расмийлаштиришни янада соддалаштириш, рақамли тўлов ва ҳисоб-китобларни кенгайтириш, аҳолига солиқ ва меҳнат қонунчилиги бўйича тушунтириш ишларини кучайтириш кўзда тутилган.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА