Электр таъминотида янгича тизим, замонавий бошқарув
Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 1 миллион 22 мингдан ортиқ электр энергияси истеъмолчиси (шундан 63 минг 485 таси юридик шахс) бўлиб, жорий йилнинг биринчи ярмида уларга 1 триллион 752 миллиард сўмлик электр энергияси етказиб берилган.
Самарқанд вилоятида электр таъминоти тизимини барқарорлаштириш, истеъмолчиларнинг электр энергияси учун тўлов интизомини мустаҳкамлаш, куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш ҳамда тармоқларни модернизация қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда янги ёндашувлар, замонавий технологиялар ва хусусий сектор тажрибасини жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қарздорликни камайтириш – асосий вазифалардан бири
Электр таъминоти тизимининг барқарор ишлаши нафақат тармоқларнинг техник ҳолати, балки истеъмолчиларнинг тўлов интизомига ҳам бевосита боғлиқ.
– Самарқанд вилоятида 2026 йил январь-июнь ойларида истеъмолчиларга 1 триллион 752,4 иллиард сўмлик электр энергияси етказиб берилиб, 1 триллион 773,3 миллиард сўм маблағ ундирилди, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Самарқанд ҳудудий филиали раҳбари Элдор Мамасолиев. – Яъни тўловларни ундириш режаси 101,2 фоизга бажарилди. Аммо дебитор қарздорлик масаласи ҳануз долзарб бўлиб қолмоқда. 2026 йил 1 июль ҳолатига умумий дебитор қарздорлик 1 триллион 725,7 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Бунинг таркибида 929,7 миллиард сўм ундирилиши умидсиз дебитор қарздорлик бўлса, 258,3 миллиард сўм ҳисобланган пеня ва 537,7 миллиард сўм ҳақиқий дебитор қарздорликдир. Эътиборлиси, ҳақиқий дебитор қарздорлик йил бошига нисбатан 42,6 миллиард сўмга қисқартирилган.

Қарздорликни янада камайтириш мақсадида “Энергосавдо” филиали Самарқанд бўлинмаси томонидан аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Унга мувофиқ, йил якунига қадар ҳақиқий дебитор қарздорлик 50 фоизга қисқартирилади. Бунинг учун қарздор истеъмолчилар билан манзилли ишлаш, электр тармоғидан ажратиш, суд органларига даъво аризалари киритиш ҳамда онлайн ҳисоблагичлардан самарали фойдаланиш чоралари кўрилмоқда. Биргина июнь ойининг ўзида умумий қарздорлиги 244,7 миллиард сўмни ташкил этган 4219 та қарздор истеъмолчи электр тармоғидан узилди. Шунингдек, 955 та истеъмолчига нисбатан 19,9 миллиард сўмлик, йил бошидан буён эса 4921 та истеъмолчига нисбатан 126,1 миллиард сўмлик қарздорликни мажбурий ундириш мақсадида суд органларига даъво аризалари киритилди.
Айтиш мумкинки, бу борадаги ёндашув бир томонлама эмас. Бир тарафдан тўлов интизомини ошириш, иккинчи тарафдан эса истеъмолчиларга сифатли ва ишончли электр энергияси етказиб бериш вазифаси уйғун олиб борилмоқда.
Қишга тайёргарлик: тармоқлар босқичма-босқич янгиланмоқда
Бугун йилнинг тўрт фаслида ҳам электр энергиясига талаб юқори бўлса-да, куз-қиш мавсуми учун алоҳида тайёргарлик кўриш тақозо этилади. Сабаби бу даврда иситиш тизимларидан фойдаланилиши туфайли электр энергиясига бўлган талаб кескин ортади. Шу боис электр тармоқларининг техник ҳолатини яхшилаш ва авариявий ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўриш муҳим вазифа ҳисобланади.

Вилоятда бу йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 3020 километр электр узатиш тармоғи ва 1220 та трансформатор пунктини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган. Филиал раҳбарининг таъкидлашича, йилнинг биринчи ярмида режанинг салмоқли қисми бажарилиб, 1799 километр тармоқ ва 919 та трансформатор пункти мукаммал таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, 6986,5 километр электр тармоғи ва 2061 та трансформатор пунктида жорий таъмирлаш ишлари режалаштирилиб, биринчи ярим йилликда 3115,2 километр тармоқ ҳамда 1018 та трансформатор пунктида тегишли ишлар амалга оширилди.
Юзага келиши мумкин аварияларни тезкор бартараф этиш учун зарур эҳтиёт қисмлари ва материаллар захираси ҳам шакллантирилган. Жумладан, турли қувватдаги трансформаторлар, кабель, сим, темир-бетон устунлар ва трансформатор мойи захираси яратилди.
– Айни пайтда тармоқларнинг техник ҳолатини яхшилашда “қизил” ва “сариқ” тоифадаги трансформатор пунктларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Э.Мамасолиев. – Бугунги кунда вилоятимиздаги 15042 та трансформатор пунктининг 1220 таси “қизил”, 7061 таси “сариқ” тоифага киритилган. Таъмирлаш ишлари бошланганидан буён “қизил” тоифадаги 970 та, “сариқ” тоифадаги 1203 та трансформатор пункти таъмирдан чиқарилди. Бу ишлар электр таъминотида узилишларни камайтириш, тармоқларнинг ишончлилигини ошириш ва куз-қиш мавсумида юкламаларни барқарор қабул қилиш учун муҳим аҳамиятга эга.
Йил якунига қадар яна 1221 километр электр узатиш тармоғи ва 301 та трансформатор пунктида мукаммал таъмирлаш, шунингдек 3871,3 километр тармоқ ва 1043 та трансформатор пунктида жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланган.
Самарқанд электр тармоқларида янги бошқарув тизими
Самарқанд электр таъминоти тизимидаги энг муҳим янгиликлардан бири ҳудудий электр тармоқлари корхонасини бошқаришда давлат-хусусий шериклик тамойили жорий этилаётганидир. Тармоқларни модернизация қилиш, эксплуатация самарадорлигини ошириш ва аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларини янада ишончли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида юртимизда илк бор “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд филиали давлат-хусусий шериклик асосида Туркиянинг “Aksa Enerji” компанияси бошқарувига ўтказилмоқда. Халқаро тендер натижаларига кўра, “Aksa Enerji” компанияси Самарқанд вилоятида тақсимлаш электр тармоқларини хусусий сектор бошқарувига бериш лойиҳасида ғолиб деб топилган.
Компания томонидан эксплуатация ва авария-тиклаш хизматларини замонавий техника ва махсус механизмлар билан таъминлаш учун 10 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш режалаштирилган. Шунингдек, “қизил” тоифага киритилган чала объектларда қурилиш-монтаж ишларини якунлаш ва уларни хавфсиз эксплуатацияга тайёрлаш учун яна 15 миллион АҚШ доллари йўналтирилиши кўзда тутилган.
Лойиҳа доирасида 1000 та янги куч трансформатори харид қилиниб, хизмат муддати 40 йилдан ортиқ бўлган эски трансформаторлар босқичма-босқич замонавий, энергия тежамкор ускуналарга алмаштирилади. Бу эса электр таъминоти тизимининг техник базасини сезиларли даражада янгилашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Янги бошқарув моделида маҳаллий кадрлар масаласи ҳам муҳим ўрин тутади. Мавжуд ишчи-ходимларнинг иш билан таъминланиши сақланиши, компаниянинг халқаро тажрибасини эса маҳаллий мутахассислар билан уйғунлаштириш режалаштирилган. Лойиҳага кўра, чет элдан чекланган миқдорда мутахассислар жалб қилиниб, асосий ишлар маҳаллий кадрлар иштирокида амалга оширилиши белгиланган.
Тармоқларни қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш жараёнларида маҳсулотларнинг асосий қисмини ички бозордан, жумладан, маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилиш кўзда тутилган.
Ургутда Янгийўл тажрибаси
Шу йилнинг 27 июль куни Президентимиз раислигида ёқилғи-энергетика тармоғидаги устувор масалалар бўйича ўтказилган видеоселекторда электр ва газ таъминоти билан боғлиқ ишларни “туманбай” ва “маҳаллабай” ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланган эди.
Жумладан, Янгийўл тумани тажрибаси асосида юртимиздаги 13 туманда ҳудудларнинг энергия истеъмоли балансини шакллантириш, тармоқлар ва ускуналарни хатловдан ўтказиш, куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни кенг жорий этиш борасида намунавий тизим яратиб, кейинчалик уни бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш режалаштирилган.
Самарқанд вилоятида Ургут туманини намунавий ҳудудга айлантириш белгиланган бўлиб, электр ва газ таъминотини яхшилаш бўйича “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқарувчи раиси С.Исоқулов раҳбарлигида махсус штаб фаолият юритмоқда. Ҳозиргача тумандаги 85 та трансформатор пунктида мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, 2,3 километр янги электр узатиш тармоғи тортилди. Таъминотни яхшилаш мақсадида 7 та трансформатор, 9,3 км СИП кабел, 100 та автомат ўчиргич ва бошқа зарур жиҳоз, воситалар ажратилди. Шунингдек, штаб масъуллари томонидан тадбиркорлар ва аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, узилишлар, қувват етишмаслиги, техник шартлар олиш ва қарздорлик билан боғлиқ мурожаатлар жойида ўрганилиб, ҳал қилинмоқда.
Вилоятда электр таъминотини яхшилаш борасидаги ишлар фақат электр тармоқларини янгилаш ва таъмирлаш, янги трансформатор ўрнатиш билан чекланмайди. Бу истеъмолчиларнинг тўлов маданиятини ошириш, электр энергиясидан оқилона фойдаланиш, ноқонуний истеъмол ҳолатларига қарши курашиш, тармоқларни рақамлаштириш ва замонавий бошқарув усулларини жорий этишни қамраб олган комплекс жараёндир. Зеро, замонавий электр тармоғи нафақат бугунги эҳтиёж, балки ҳудуднинг эртанги иқтисодий тараққиёти учун ҳам муҳим инфратузилмадир.
Ғолиб Ҳасанов,
ЎзА мухбири