Президентимизнинг 2022 йил 2 декабрдаги “2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг "яшил" иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида "яшил" иқтисодиётга ўтиш ва "яшил" ўсишни таъминлаш дастури ишлаб чиқилган. Дастурга асосан иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмаларини 2010 йилдаги даражадан 35 фоизга қисқартириш, қайта тикланувчи энергия манбаларининг ишлаб чиқариш қувватини 15 ГВтга ошириш ва уларнинг улушини электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 30 фоизидан кўпроғига етказиш, саноат соҳасида энергия самарадорлигини камида 20 фоизга ошириш каби қатор вазифалар белгиланган.
Бугун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўқув марказида ташкил этилган семинар-тренинг айнан ушбу қарор ижросини таъминлашга қаратилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Яшил иқтисодиёт лойиҳалари маркази ҳамда Германия ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирга давлат ва хусусий ташкилотлар мутахассислари таклиф этилди.
Яшил иқтисодиёт лойиҳалари маркази директори Темур Малик Нарзиқулов ушбу семинар-тренинг мақсади “яшил” иқтисодиётга ўтишни режалаштириш, амалга ошириш ва натижаларни доимий баҳолаб бориш бўйича давлат ва хусусий ташкилотларнинг технологик салоҳиятларини мустаҳкамлашга қаратилганини таъкидлади.
–Шу сабабли, Президентимизнинг юқорида зикр этилган қарорига асосан мунтазам семинарлар ташкил этиб борилади. Икки кунга мўлжалланган ушбу тадбирда иштирокчилар “Яшил” иқтисодиёт ва барқарор ривожланишнинг асосий тушунчалари, “Яшил” иқтисодиётнинг халқаро ва хорижий тенденциялари”, “Углерод нархини белгилаш – углерод солиқлари, углерод савдоси ва СВАМ” каби қатор масалаларда билим ва кўникмага эга бўлади. Ўз навбатида, семинарда ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган энергия сарфи ҳажмини камайтириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида сувдан фойдаланиш самарадорлигини сезиларли даражада ошириш, шаҳарлардаги яшил майдонларни кенгайтириш сингари кўрилаётган чора-тадбирлар аҳамиятига кенг урғу берилади, – деди у.
[gallery-17418]
Семинар-тренинг якунида мавзуни ижобий ўзлаштирган иштирокчиларга сертификатлар берилади.
Насиба Зиёдуллаева, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА