Ўзбекистонда ярим йилда 7,7 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди
Ўзбекистонда уй-жой қурилиши суръати йил бошидан буён ошган. 2026 йилнинг январь-июнь ойларида мамлакатда умумий майдони 7,7 млн. кв. метр бўлган якка тартибдаги турар жойлар фойдаланишга топширилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,2 фоиз кўп. Ҳудудлар кесимида эса уй-жой қурилиши ҳажми сезиларли даражада фарқ қилмоқда – айрим вилоятларда кўрсаткич қарийб 1 млн. кв. метрга етган бўлса, айрим ҳудудларда бу кўрсаткич анча паст.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда умумий майдони 7,7 млн. квадрат метр бўлган якка тартибдаги турар жойлар фойдаланишга топширилган. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 7,2 фоиз кўп.
Бу кўрсаткич, аввало, уй-жой қурилиши соҳасида фаоллик сақланиб қолаётганини англатади. Яъни йилнинг дастлабки олти ойида мамлакат бўйлаб янги турар жойлар барпо этиш ҳажми сезиларли даражада ошган.
Ҳудудлар кесимида кўрсаткичлар ўртасида катта фарқ бор. Энг юқори натижа Тошкент вилоятида қайд этилган – бу ерда 984,1 минг квадрат метр турар жой фойдаланишга топширилган. Ундан кейин Бухоро вилояти – 978,5 минг квадрат метр, Хоразм вилояти – 797,0 минг квадрат метр, Сурхондарё вилояти – 699,9 минг квадрат метр, Наманган вилояти – 697,1 минг квадрат метр билан юқори кўрсаткичларни қайд этган. Шунингдек, Фарғона вилоятида 691,2 минг, Қашқадарё вилоятида 510,4 минг, Тошкент шаҳрида 493,3 минг ва Қорақалпоғистон Республикасида 463,7 минг квадрат метр турар жой фойдаланишга топширилган.
Жиззах вилоятида бу кўрсаткич 396,7 минг, Андижон вилоятида 373,8 минг, Навоий вилоятида 353,7 минг квадрат метрни ташкил этган. Энг паст кўрсаткичлар эса Сирдарё ва Самарқанд вилоятларида қайд этилган. Сирдарёда 63,2 минг, Самарқандда 200,3 минг квадрат метр турар жой фойдаланишга топширилган. Статистикадаги рақамлар уй-жой қурилиши фаоллиги ҳудудлар бўйича бир хил эмаслигини кўрсатмоқда. Масалан, Тошкент вилоятида фойдаланишга топширилган турар жой майдони Сирдарё вилоятидаги кўрсаткичдан қарийб 15,6 баробар юқори.
Бу фарқни ҳудудлардаги аҳоли сони, урбанизация даражаси, уй-жойга бўлган талаб, қурилиш имкониятлари ва аҳоли даромадлари каби омиллар билан изоҳлаш мумкин. Айниқса, Тошкент вилоятининг етакчилик қилиши пойтахт атрофидаги аҳоли зичлиги, янги турар жой массивларининг шаклланиши ва шаҳар агломерациясининг кенгайиши билан боғлиқ жараёнлар уй-жой қурилишига талабни юқори даражада сақлаб қолаётганини кўрсатади.
Янги турар жойларнинг кўпайиши фақат аҳолининг уй-жой билан таъминланишини яхшилаш билан чекланмайди. Қурилиш соҳасидаги фаоллик цемент, металл, қурилиш материаллари, мебель, сантехника ва бошқа маҳсулотларга бўлган талабни ҳам оширади. Шунингдек, қурилишда янги иш ўринлари яратилади, хизмат кўрсатиш соҳалари фаоллашади. Шу нуқтаи назардан, уй-жой қурилиши ҳажмининг 7,2 фоизга ўсиши иқтисодиётдаги қатор тармоқлар учун қўшимча талаб шакллантираётган омил сифатида ҳам баҳоланиши мумкин.
Бироқ уй-жой қурилиши ҳажмининг ортиши билан бир қаторда унинг аҳоли учун қанчалик ҳамёнбоп экани масаласи ҳам муҳим. Янги уйлар сони кўпайиши аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириши учун қурилиш ҳажми билан бирга ипотека кредитлари, уй-жой нархлари, аҳоли даромадлари ва инфратузилма имкониятлари ўртасида мутаносиблик бўлиши талаб этилади.
Йилнинг дастлабки ярмида 7,7 млн. квадрат метр турар жой фойдаланишга топширилгани йил якунига қадар қурилиш ҳажми яна ошиши эҳтимолини кўрсатади. Албатта, йилнинг иккинчи ярмидаги натижа қурилиш суръати, инвестициялар, ипотека бозори ва аҳоли талабига боғлиқ бўлади. Шу билан бирга, ҳудудлар кесимидаги катта тафовут келгусида уй-жой қурилишини аҳоли эҳтиёжи юқори бўлган ҳудудларга янада самарали йўналтириш, инфратузилмани уй-жой қурилиши билан уйғун ривожлантириш зарурлигини кўрсатади.
Умуман олганда, 7,7 млн. квадрат метрлик ярим йиллик натижа Ўзбекистонда уй-жой қурилиши ўсиш траекториясини сақлаб қолаётганини кўрсатади. Энди асосий масала бу ўсишни нафақат миқдор жиҳатидан, балки аҳоли учун қулай, сифатли ва иқтисодий жиҳатдан ҳамёнбоп уй-жойлар кўпайиши билан таъминлашдир.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА