Ўзбекистонда хизматлар бозори 800 триллион сўмдан ошди
Ўзбекистон иқтисодиётида хизматлар соҳасининг ўрни тобора ортиб бормоқда. Аҳоли эҳтиёжларининг ўзгариши, рақамли технологияларнинг кенг жорий этилиши, молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларининг кенгайиши ҳамда савдо ва транспорт фаоллигининг ўсиши ушбу соҳадаги динамикани кучайтирмоқда.
Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2026 йил январь–июль ойларида мамлакатда 802,5 триллион сўмлик бозор хизматлари кўрсатилди. Бу 2025 йилнинг мос давридаги 651,7 триллион сўмга нисбатан 150,8 триллион сўм кўп. Реал ўсиш суръати 116,7 фоизни ташкил этди. Бошқача айтганда, хизматлар бозори бир йилда қарийб 16,7 фоизга ўсган.
Шу ўринда бир маълумот, хизматлар ҳажми жорий нархларда ҳисобланади, реал ўсиш эса тегишли нарх ва тариф индекслари асосида таққосланадиган нархларда аниқланади. Шунинг учун 802,5 триллион сўмлик ҳажм билан 116,7 фоизлик реал ўсишни бир хил кўрсаткич сифатида талқин қилиш тўғри бўлмайди.
Хизматлар бозори ҳудудлар кесимида бир хил тақсимланмаган. Бу борада Тошкент шаҳри кескин устунлик қилади. 2026 йил январь–июль ойларида пойтахтда 332,2 триллион сўмлик бозор хизматлари кўрсатилган. Бу республикадаги умумий хизматлар ҳажмининг 41,4 фоизига тенг. Тошкентдан кейин энг юқори кўрсаткичлар Самарқанд вилояти — 56,5 триллион сўм, Тошкент вилояти — 53,8 триллион сўм, Фарғона вилояти — 52,3 триллион сўм ва Наманган вилояти — 41,3 триллион сўм ҳисобига тўғри келади. Бу рақамлар ҳудудларда хизматлар бозорининг ривожланиш даражаси, аҳоли ва бизнес фаоллиги, шаҳарлашув, хизматлар инфратузилмаси ҳамда истеъмол талабининг фарқланишини кўрсатади.
Айни пайтда ўсиш суръати бўйича манзара бироз бошқача. Тошкент шаҳрини ҳисобга олмаган ҳолда энг юқори реал ўсиш Сирдарё вилоятида — 118,7 фоиз бўлган. Кейинги ўринларда Навоий — 118,5 фоиз, Жиззах — 117,5 фоиз, Сурхондарё — 117,4 фоиз ва Андижон ҳамда Хоразм — 117,2 фоиздан. Демак, хизматлар ҳажмининг катталиги билан ўсиш суръати ҳар доим ҳам бир-бирига мос келмайди. Катта ҳажмга эга ҳудудда ўсиш нисбатан секинроқ, аммо кичик ҳажмдан бошлаган ҳудудда ўсиш суръати юқорироқ бўлиши мумкин.
Аҳоли жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми ҳам ҳудудлардаги фарқни янада яққол кўрсатади. 2026 йил январь–июль ойларида республика бўйича бу кўрсаткич 20,9 миллион сўмни ташкил этди. Бир йил аввал эса 17,3 миллион сўм бўлган. Реал ўсиш суръати 114,6 фоизга тенг. Тошкент шаҳрида аҳоли жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми 104 миллион сўмга яқин бўлиб, республика ўртача кўрсаткичидан бир неча баробар юқори. Навоий вилоятида — 17,0 миллион сўм, Тошкент вилоятида — 16,9 миллион сўм, Бухорода — 14,4 миллион сўм қайд этилган. Энг паст кўрсаткич Сурхондарё вилоятида — 8,3 миллион сўм. Бу тафовут хизматлар бозорида ҳудудий мувозанат масаласи ҳали долзарб эканини кўрсатади. Айниқса, аҳолига хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш, замонавий хизмат турларини вилоятлар ва туманларга олиб кириш муҳим.
Хизматлар соҳасида кичик тадбиркорликнинг роли алоҳида аҳамиятга эга. 2026 йил январь–июль ойларида кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан 452,0 триллион сўмлик бозор хизматлари кўрсатилган. Бу умумий хизматлар ҳажмининг 56,3 фоизини ташкил этади. Энг муҳими, кичик бизнес хизматлари ҳажмининг реал ўсиш суръати республика бўйича умумий хизматлар бозорига қараганда юқорироқ — 117,9 фоиз бўлган.
Ҳудудлар кесимида кичик бизнеснинг хизматлар бозоридаги улуши Фарғона вилоятида 76,2 фоиз билан энг юқори. Андижонда — 74,9 фоиз, Сурхондарё ва Наманганда — 74,3 фоиздан, Қашқадарёда — 74 фоизни ташкил этган. Тошкент шаҳрида эса улуш нисбатан паст — 41,9 фоиз.
Аммо бу ерда кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми мамлакат бўйича энг катта — 139,2 триллион сўм. Бу ҳолат пойтахт хизматлар бозорида йирик корхона ва ташкилотларнинг ҳам салмоғи катта эканини англатади. Хизматлар бозоридаги умумий ўсишнинг асосий манбалари савдо, молия, яшаш ва овқатланиш, транспорт, шунингдек, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари бўлди. Энг катта ҳажм савдо хизматлари ҳисобига тўғри келган — 202 триллион сўм. Унинг умумий хизматлар таркибидаги улуши 25,2 фоизни ташкил этган. Савдо хизматларининг 41,4 фоизи чакана савдога, 38,4 фоизи улгуржи савдога тўғри келади. Автомобиль ва мотоциклларнинг улгуржи ва чакана савдоси, шунингдек уларни таъмирлаш хизматлари улуши 20,2 фоиз бўлган.
Иккинчи йирик йўналиш — яшаш ва овқатланиш хизматлари. Уларнинг ҳажми 149,7 триллион сўмга етган. Бу соҳада хизматларнинг 96,6 фоизи озиқ-овқат ва ичимликлар билан таъминлаш ҳисобига тўғри келади. Молиявий хизматлар эса ўсиш суръати бўйича диққатга сазовор. Январь–июль ойларида уларнинг ҳажми 125,8 триллион сўмни, ўсиш суръати эса 124,5 фоизни ташкил этган. Бу аҳолининг банк, суғурта, тўлов, кредит ва бошқа молиявий хизматлардан фойдаланиш кўлами кенгайиб бораётганини кўрсатади. Транспорт хизматлари ҳам катта ҳажмга эга — 121,5 триллион сўм. Унинг 52,4 фоизи автомобиль транспорти хизматларига тўғри келади.
Замонавий иқтисодиётда рақамли хизматларнинг аҳамияти тобора кучаймоқда. 2026 йил январь–июль ойларида алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 61,6 триллион сўмни ташкил этиб, бир йилда 20 фоизга ўсган. Бу соҳада энг катта улуш компьютер дастурлаш хизматларига тўғри келади — 48,5 фоиз. Телекоммуникация хизматларининг улуши 26,7 фоиз, ахборот соҳасидаги хизматларники 16,6 фоизни ташкил этган.
Демак, хизматлар бозорида рақамли иқтисодиётнинг таъсири фақат интернет ёки алоқа хизматлари билан чекланиб қолмаяпти. Дастурлаш, ахборот технологиялари ва рақамли ечимларга талабнинг ўсиши янги хизмат бозорларини ҳам шакллантирмоқда.
Таълим соҳасида кўрсатилган хизматлар ҳажми 27,2 триллион сўмга етди. Унинг 41,2 фоизи олий таълим хизматларига тўғри келган. Соғлиқни сақлаш соҳасида эса 13,9 триллион сўмлик хизмат кўрсатилган. Уларнинг 54,8 фоизини соғлиқни сақлаш соҳасидаги бошқа хизматлар, 31,2 фоизини шифохона муассасалари хизматлари, 14 фоизини шифокорлик амалиёти ва стоматология хизматлари ташкил этган.
Меъморчилик, муҳандислик изланишлари, техник синовлар ва таҳлил соҳасидаги хизматлар эса ўсиш суръати бўйича энг юқори кўрсаткичлардан бирини қайд этди — 123,6 фоиз.
Умуман олганда, 2026 йилнинг дастлабки етти ойидаги статистика Ўзбекистонда хизматлар сектори иқтисодий фаолликнинг муҳим драйверларидан бирига айланаётганини кўрсатади.
Бир томонда — савдо, транспорт ва овқатланиш каби анъанавий хизматлар ҳажми ошиб бормоқда. Иккинчи томонда эса молиявий, рақамли, таълим, муҳандислик ва бошқа замонавий хизмат турлари юқори суръатларда ривожланмоқда.
Айниқса, кичик бизнеснинг умумий хизматлар бозоридаги 56,3 фоизлик улуши соҳанинг тадбиркорлик фаолияти билан қанчалик чамбарчас боғлиқ эканини кўрсатади.
Бироқ ҳудудлар ўртасидаги фарқ ҳам жиддий: Тошкент шаҳрининг умумий хизматлар ҳажмидаги 41,4 фоизлик улуши пойтахт билан бошқа ҳудудлар ўртасида хизматлар бозори концентрацияси юқори эканини кўрсатмоқда.
Шу ўринда айтиш жоиз, кейинги босқичда асосий вазифалардан бири хизматлар соҳасининг ўсиш суръатини сақлаб қолиш билан бирга, замонавий ва юқори қўшилган қийматли хизматларни ҳудудларда ҳам кенгайтириш, кичик бизнеснинг имкониятларини ошириш ва рақамли хизматлар қамровини кенгайтириш бўлади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА