Ўзбекистонда халқаро баҳолашнинг асосий синов жараёнлари бошланди
Навоий ва Бухоро вилоятларида жойлашган қатор мактабларда PIRLS 2026 халқаро баҳолаш дастурининг асосий синов жараёнлари бошланди.
Мазкур тадқиқотда иштирок этиш учун халқаро ташкилотлар томонидан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан жами 164 та мактаб репрезентативлик ва тасодифийлик тамойиллари асосида танлаб олинган. Ушбу жараёнда 6000 нафарга яқин 4-синф ўқувчилари, уларнинг ота-оналари, 214 нафар бошланғич синф ўқитувчилари ҳамда 164 нафар мактаб директорларининг иштирок этиши режалаштирилган.

PIRLS халқаро тадқиқоти ўқувчиларнинг ўқиш саводхонлигини баҳолашга қаратилган бўлиб, унда ўқиб тушунишнинг муҳим жиҳатлари қамраб олинади. Жумладан, ўқувчиларнинг матндан зарур маълумотларни ажратиб олиш, хулоса чиқариш, ғоя ва маълумотларни талқин қилиш ҳамда уйғунлаштириш, шунингдек, матн мазмунини баҳолаш ва танқидий таҳлил қилиш кўникмалари синовдан ўтказилади.

Ушбу халқаро баҳолаш дастури орқали таълим тизимининг замонавий талабларга қай даражада мослашаётгани, ўқувчиларнинг билим ва кўникмалари қай даражада шакллангани аниқланади. Бу эса келгусида таълим сифатини оширишга қаратилган муҳим қарорлар қабул қилишда асос бўлиб хизмат қилади.


Қайд этиш жоизки, PIRLS 2026 тадқиқотида дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакати ва таълим тизимлари иштирок этмоқда. Ўзбекистон ушбу нуфузли тадқиқотда иккинчи маротаба иштирок этиб, халқаро майдонда ўз таълим тизимини баҳолаш имконига эга бўлмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири