Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасида тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва уни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, қуйидагилар Ўзбекистон Республикасида тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
туристик индустрия объектлари, маданият ташкилотлари ва маданий мерос объектлари, шу жумладан музей, театр ва жойлаштириш воситаларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг бемалол ҳаракатланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
туризм соҳаси субъектлари, шу жумладан, туроператор ва турагентлар, жойлаштириш воситалари эгалари ҳамда транспорт хизматлари кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, саёҳат давомида ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамроҳлик қилувчи фуқароларни рағбатлантириш;
ногиронлиги бўлган шахслар тўсиқсиз саёҳат қилишлари учун республикамизда яратилган имкониятларни кенг тарғиб қилиш орқали уларнинг хабардорлигини ошириш;
замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда туризм индустрияси объектларида ногиронлиги бўлган шахслар учун кўрсатиладиган хизматлар сифатини янада ошириш.
Қарор билан Ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва уларнинг саёҳат қилишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар дастури;
2024 йилда маданий мерос объектларида тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича манзилли дастур;
2024 йилда музейлар ва концерт-томоша объектларида тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича манзилли дастур тасдиқларди.
2024 йилдан бошлаб:
а) маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва тиклаш учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқсиз ҳаракатланиши учун маданий мерос объектларида уларга шикаст етказмаган ҳолда пандус, плинтус ва лифтлар ҳамда кўзи ожизлар учун маданий мерос объектларининг кичрайтирилган ўлчамдаги макетлари ўрнатилади ва улар тўғрисида Брайль алифбосидаги маълумотлар жойлаштирилади;
б) темир йўл ва жамоат транспортларида ҳамда барча аэропорт, вокзал, автошоҳбекатларда уларга эгалик қиладиган ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ногиронлиги бўлган ва жисмоний имконияти чекланган шахслар учун шароитлар, махсус кўтарилиш пандуслари ва қулай зина тутқичлари ўрнатилади ҳамда кема аравачалари (ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус аравача) қўйилади;
в) ҳар йили Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида хорижий туризм бозорларида мамлакат туризм салоҳиятини тарғиб қилиш учун ажратиладиган маблағларнинг 5 фоизигача бўлган қисми:
республиканинг тўсиқсиз туризм салоҳиятини хорижий оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тарғиб қилиш, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва журналистлар учун инфотурлар ташкил қилиш;
халқаро ва хорижий туризм кўргазмалари ва ярмаркаларида мамлакатимизнинг тўсиқсиз туризм йўналишидаги салоҳиятини намойиш қилиш учун тарғибот ва тарқатма материалларни тайёрлаш;
"Ипак йўлида туризм" Тошкент халқаро туризм ярмаркасида "Ўзбекистонда тўсиқсиз туризм" экспозициясини ташкил қилиш учун йўналтирилади;
г) 2027 йил 1 январга қадар Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:
Қорақалпоғистон Реслубликаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида минг нафар I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ 500 минг сўмдан ошмаган қисми;
эшитиш қобилиятини йўқотган ногиронлиги бўлган шахслар учун сурдогидлар тайёрлаш курслари харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.
2024 йил 1 апрелдан 2026 йил 1 апрелга қадар меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига тегишли чорак якунига кўра Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ўтказилган туристик (меҳмонхона) йиғимлар суммаси ҳисобидан субсидия ажратилади. Бунда, тадбиркорлик субъектлари томонидан меҳмонхонанинг камида учта хонаси ногиронлиги бўлган шахслар ўриндиқли аравачадан фойдаланиши учун қулай тарзда жиҳозланганда, шунингдек, эшитиши ва кўриши учун дисплей ҳамда овозли қурилмалар ўрнатилганда, ушбу тадбиркорлик субъектларига ҳар бир махсус жиҳозланган хона учун қуйидаги миқдорларда субсидия берилади:
юлдузли тоифадаги меҳмонхоналарга - 2 миллион сўм;
юлдузли тоифа олмаган меҳмонхоналарга - 1 миллион сўм.
2024 йил 1 апрелга қадар илғор хорижий тажриба асосида тўсиқсиз туризмни янада ривожлантириш бўйича тегишли стандартлар ишлаб чиқилади. Бунда:
юлдузли тоифага эга меҳмонхоналарда ногиронлиги бўлган шахслар учун аравачалар, қўлтиқтаёқларнинг мавжудлиги;
меҳмонхоналар, туристик базалар ва мажмуалар, дам олиш уйлари ва зоналари, пансионатлар, мотеллар, санаторийлар ва бошқа туристик объектларда ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча қулайликларнинг яратилиши;
юлдузли тоифага эга меҳмонхоналарнинг кириш қисмида аудио ва матнли маълумотларнинг тақдим этилиши;
бошқа турдаги қулайликлар яратиш бўйича талаблар жорий этилади.
2024 йил 1 мартга қадар "Ижтимоий хизмат" электрон платформасининг транспорт чипталарини харид қилиш бўйича онлайн платформалар билан интеграция қилинишини таъминланади.
ЎзА