Ўзбекистонда тиббий хизматлар ҳажми ортиб бормоқда
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида хизмат кўрсатиш кўламининг кенгайиши иқтисодий ўсишнинг муҳим омилларидан бирига айланмоқда.
Миллий статистика қўмитаси ҳисоботига кўра, 2026 йилнинг дастлабки уч ойи давомида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари томонидан жами 5,4 триллион сўмлик хизматлар кўрсатилди.
Ушбу кўрсаткич мамлакатда тиббий хизматларга бўлган талабнинг ортиб бораётганини кўрсатади. Соҳа таркибий жиҳатдан таҳлил қилинганда, хизматларнинг асосий қисми, яъни 52,6 фоизи ёрдамчи ва бошқа турдаги тиббий хизматлар ҳиссасига тўғри келган.
Шунингдек, шифохона муассасалари 29,9 фоиз, тиббий амалиёт ва стоматология йўналиши эса 17,5 фоиз улуш билан соҳа ривожига ҳисса қўшган.
Ҳудудлар кесимидаги кўрсаткичлар тиббий марказлашув пойтахтда ҳамон юқори эканлигини тасдиқламоқда.
Тошкент шаҳри 2,5 триллион сўмлик хизмат ҳажми билан республикада мутлоқ етакчиликни сақлаб қолган. Вилоятлар орасида Тошкент вилояти (477 млрд сўм), Самарқанд (410 млрд сўм) ва Фарғона (365,3 млрд сўм) вилоятлари юқори ўринларни эгаллаган бўлса, Навоий (87,2 млрд сўм) ва Қорақалпоғистон Республикасида (95,3 млрд сўм) бу кўрсаткичлар нисбатан пастроқ натижани қайд этди.
Жадал суръатлар билан ўсаётган ушбу рақамлар мамлакатда хусусий ва давлат тиббиёт муассасалари фаолиятининг кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА