Тошкентда экологик ва иқлим ўзгаришига чидамли шаҳарларни ривожлантиришга бағишланган халқаро форум ўтказилди. Тадбир Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Жаҳон банки ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда маҳаллий ва халқаро экспертлар, шунингдек, Европа Иттифоқи, БМТ Тараққиёт дастури ва бошқа йирик ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Форумда урбанизация жараёнида экологик барқарорликни таъминлаш, иқлим ўзгаришининг шаҳар инфратузилмасига таъсири, аҳоли манфаатларини қондириш учун транспорт, энергетика ва чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, 2025 йилнинг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилиниши ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда муҳим қадам бўлади. Мазкур ташаббус доирасида шаҳарларни иқлим ўзгаришига мослаштириш ва экологик барқарорликни таъминлаш йўналишида халқаро ҳамкорлик кучайтирилади.
Шунингдек, урбанизация жараёнида аҳолининг ортиб бораётган талабларини қондириш мақсадида шаҳар инфратузилмасини модернизация қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш ва барқарор ривожланиш тамойилларини жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
Форум қатнашчилари иқлим ўзгариши шароитида шаҳарлар барқарорлигини таъминлаш бўйича фикр алмашиб, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқди. Ушбу ташаббуслар “яшил” ривожланиш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/iGFCEGiNFtg" title="Oʻzbekistonda shaharlar iqlim oʻzgarishiga mos rivojlantiriladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Насиба Зиёдуллаева, Анвар Аҳмедов (видео), ЎзА